Шанхай – Тошкент ҳаво қатнови йўлга қўйилди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳаво алоқаси янада кенгаймоқда. Дунёнинг йирик авиаташувчиларидан бири "China Eastern Airlines" компанияси Шанхай – Тошкент – Шанхай йўналиши бўйича илк мунтазам рейсини муваффақиятли амалга оширди. Чин мегаполисидан учган "MU6037" рейси 30 март куни соат 18:00 да пойтахтимизга қўнди. Анъанага кўра, 265 йўловчиси бўлган учоқ тантанали кутиб олинди. Тадбир ва тарихий парвоз иштирокчилари учун байрамона муҳит яратилди.
Мазкур йўналиш икки давлат фуқароларига қимматли вақтни тежаш, саёҳатни янада қулай режалаштириш имконини беради. Қатнов ҳафтасига тўрт марта – душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунларига белгиланган. Замонавий, кенг "Airbus A330" самолётларида парвоз тахминан 8 соат давом этади.
Янги рейс сайёҳлар билан бирга тадбиркорлар учун ҳам жуда қулай. Шанхай нафақат Хитой, балки жаҳоннинг йирик молиявий марказларидан бири ҳисобланади. Демак, энди мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланиши табиий.
1988 йил ташкил этилган, қароргоҳи Шанхайда жойлашган "China Eastern Airlines" жаҳон миқёсидаги нуфузли авиакомпаниялардан бири сифатида тан олинган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА