«Шамол одамлари» «Энг яхши фильм» деб топилди
Шу йилнинг 23-26 апрель кунлари Қирғизистонда ўтган ХII Халқаро қисқа метражли фильмлар фестивалида ёш режиссёрлар Адҳамжон Абдураҳмонов ва Шерзод Назаров томонидан ишланган «Шамол одамлари» қисқа метражли фильми танловнинг «Энг яхши фильм» номинациясида ғолиб бўлди.
Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ахборот хизматига кўра, бугун «Ренессанс кино уйи"да Кинематография агентлиги раҳбарияти фильм ижодкорларини табриклаб, уларнинг ҳар бирига пул мукофоти берилишини таъкидлади. Агентлик жамоаси ёш режиссёрларни эришган ғалабаси билан табриклаб, келгусидаги фаолиятида омад тилади.

– Юртимизда сўнгги йилларда ёш киноижодкорларга бўлган эътибор ҳар қачонгиданда ортган, – деди Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов. – Президентимизнинг уларга бераётган имкониятлари ҳам ўзини оқлай бошлади. Биз бугун мазкур фильм ижодкорларини табриклаган ҳолда, келгуси ишларида ҳам зафарлар тилаймиз. Ўйлаймизки, ёшларимиз томонидан халқаро даражадаги фильмлар ҳали кўп яратилади.
Маълумот учун айтиш керакки, Адҳамжон Абдураҳмонов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Шерзод Назаров эса Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиали талабаси ҳисобланади.

Фильмда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари, Ўзбекистоннинг барча 11 та вилоятини велосипедда кезган Файзулло, Мардон ва Ҳамроқул исмли кекса дўстларнинг саёҳати тасвирланган. Пандемия сабаб уларнинг бу икки манзилга бориш орзуси амалга ошмай қолади. Орадан икки йил ўтиб, 73, 79, 83 ёшдаги уч дўст яна сафарга чиқиш имконига эга бўлади. Кинокартинада мақсад сари ортга қайтмаслик илгари сурилади.
«Шамол одамлари» фильмининг сценарий муаллифи ва режиссёрлари – Шерзод Назаров ва Адҳамжон Абдураҳмон, оператор – Жавоҳир Турғунов, продюсер – Фурқат Усмонов, маслаҳатчи – Юсуф Розиқов.
Н.Усмонова, ЎзА