Шаҳрисабз мактабларида “Долзарб 90 кун” давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёзги таътил кунларида шаҳрисабзлик ёшлар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очди.
Лойиҳа доирасида тумандаги таълим муассасаларида турли танлов, мусобақа ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар бир тадбир ёшларнинг истеъдодини намоён этиш ва уларни янги марралар сари ундашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Шаҳрисабз туманидаги 10 та умумий ўрта таълим мактаби қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳлар 400 дан зиёд ўқувчига ўз бағрини очди. Ўқувчилар 12 кунлик мавсумларда иштирок этиб, ёзги таътилни мароқли ва фойдали ўтказиш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-24571]
Бундан ташқари, 8-10-синф ўқувчиларида касб-ҳунарга қизиқишни ошириш мақсадида тумандаги 3 та политехникумда (1649 нафар), ўқув марказларида (530 нафар), спорт мактабида ташкил этилган тўгаракларда (1865 нафар), “Баркамол авлод” болалар мактабида (356 нафар), маҳаллалардаги ҳунармандларнинг шогирдлик гуруҳларида (54 нафар) жами 4650 дан зиёд ўқувчи маҳорат оширмоқда. 18 та спорт майдончасида ташкил этилган спорт соғломлаштириш машғулотлари ва мусобақаларида эса 1123 нафар ўқувчи иштирок этиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида, спортга бўлган муҳаббатини янада оширди.
Тумандаги 45-умумтаълим мактабида лойиҳа доирасида робототехника, чет тили, рассомчилик, қўл меҳнати, гимнастика, стол тенниси, шахмат-шашка тўгараклари, “Заковат” клуби, “Иқтидор” болалар ансамбли ва кўчма кутубхоналар ташкил этилди.
Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш ва китобга бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган бўлиб, туман ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган “Китоб карвони” акцияси чекка қишлоқлардаги ёшларга китоблар етказиб бериш ва улар билан мулоқот қилиш имконини яратди.
Дастурда ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида ёндашилган. “Тоза ҳудуд” акцияси, дарахт экиш тадбирлари ва экологик билимларни оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ёшларда атроф-муҳитга бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА