Шаҳарлашув – тараққиёт омилими?
Ҳеч бир давлат шаҳарлашувсиз тараққий этмаган. Бу ҳақда Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Марк Робертс Бокуда ўтказилаётган Бутунжаҳон шаҳарлар форумида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, шаҳарлар аҳолини ўзига жалб қилар экан, бу жараён иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Мутахассисга кўра, айниқса Африкада шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун улкан маблағ талаб этилмоқда. Бирор давлат ёки халқаро ташкилот бу юкни якка ўзи кўтара олмаслиги айтилди. Шу сабаб хусусий сектор ва халқаро молиявий манбаларни кенг жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Робертс шаҳарларда тирбандлик, уй-жой танқислиги ва ер нархининг ошиши каби муаммолар табиий ҳол эканини билдирди. Унинг фикрича, бу ҳолат шаҳарларнинг иқтисодий жиҳатдан жозибадорлигини кўрсатади. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, кучли иссиқлик ва сув тошқинлари шаҳарлар фаолиятига жиддий таъсир ўтказаётгани таъкидланди.
Айрим мутахассислар эса тез ва тартибсиз шаҳарлашув тенгсизликни кучайтираётганини айтмоқда. Аддис-Абеба шаҳар маъмурияти вакили Могес Тадессе Африка шаҳарлари аҳоли ўсиши босимига улгурмаётгани ва иқлим ўзгариши нафақат иқтисодиётга, балки инсон ҳаётига ҳам катта хавф туғдираётганини қайд этди.
Мусулмон Зиё, ЎзА