Шаҳарлар жозибадорлиги ортиб бормоқда
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий 2025 йил 1 октябрь ҳолатида Республикамиз аҳолиси 38 069,1 минг нафар кишини ташкил этди.
Бундан атиги бир неча йиллар олдин ҳам аҳоли сони ҳисобга олинганда эркакларга қараганда аёллар сони анча юқорилиги яққол кўзга ташланиб турарди. Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда аёллар 18 896,6 минг нафарни (49,6 фоиз)ни, эркаклар эса 19 172,5 минг (50,4 фоиз)ни ташкил этмоқда.
Яқин-яқин пайтларгача аҳолининг аксарият қисми қишлоқ хўжалиги билан бандлиги, шу боис қишлоқда истиқомат қилувчилар сони шаҳарлик аҳоли сонига нисбатан кўп ва бу ўзгармасдек бўлиб туюларди. Бугун юртимиздаги 38 069,1 минг кишининг 19,4 млн нафари (тахминан 51 фоизи) шаҳарларда, 18,7 млн киши (тахминан 49 фоиз) аҳоли эса қишлоқ жойларда истиқомат қилмоқда. Қишлоқларда одамлар сонининг камайиши, шаҳарлар эса ортиб бориши кузатилмоқда.
Янги барпо бўлаётган оилалар сони ва аксинча бекор бўлаётган никоҳлар ҳақидаги маълумотлар ҳам эътиборни тортади. 2025 йилнинг 9 ойида мамлакатда 177 мингта никоҳ қайд қилинган, 35,4 мингта оила эса ажрашган.
Бу даврда Ўзбекистонга 1 133 киши кўчиб келган ва 7 585 киши мамлакатни тарк этган.
А.Нарзуллоев, ЎзА