Шаффофликни таъминлашда янгича ёндашув
Муносабат
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси натижасида коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат ҳокимияти шунингдек, бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги янада кенгайиб, самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган миллий кенгаши йиғилишида юртбошимиз коррупция амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини алоҳида таъкидлаб, бу борада Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлигини келтириб ўтди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширибгина қолмай ўз навбатида очиқлик ва ошкораликни ҳамда шу билан бирга ҳар бир соҳадаги шаффофликни ошириш йўлидаги янгича ёндашув бўлди.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугунги кунда айрим давлат хизматчилари ўз манфаатларини кўзлаб, жумладан, кредит олишда, қурилиш соҳасида, бюджет маблағларини тақсимлашда, ноқонуний ишларга аралашиб қолаётганликларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Содир этилган ҳар қандай коррупциявий жиноят сирлигича қолмайди, албатта, ошкор бўлади ва қонуний жазосини олади.
Давлат хизматчиси – бу оддий ходим эмас, у давлат топшириғи ва манфаатлари бўйича унинг номидан ҳаракат қилувчи инсондир. Шунинг учун давлат хизматчиси деган юксак ҳамда шарафли номга доғ туширмаслик учун, аввало, ҳалол бўлиш, қўйилган вазифаларни виждонан, ватанпарварлик туйғусини тўлиқ ҳис этган ҳолда бажариш лозим.
Коррупция нафақат мамлакатга моддий йўқотиш олиб келади, балки тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигини таъминлашга тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, ҳокимиятга ишончсизликни, ҳалокатли оғир оқибатларни келтириб чиқарадиган кишандир.
Айтиш ўринли, коррупциядан ҳоли муҳитни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ва белгиланган устувор вазифалар барчага бирдек масъулият юклаши билан бир қаторда очиқлик ва шаффофликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Ражаббой Ҳасанов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Бухоро вилояти кенгаши раиси.
ЎзА