Ўша онларни унутиб бўлмайди
Бир неча йиллардан буён нафақат юртимиз балки, хориждаги тасвирий санъат ихлосмандлари ҳам Моҳинурнинг ижод маҳсулидан баҳраманд бўлади.
Моҳинур мўйқаламни қўлига олиши билан унинг бутун вужудини илҳом чулғаб олади. Мўйқалам оҳиста тебранади. Натижада бир-бирини асло такрорламас санъат асарлари яратилади.
Бир неча йиллардан буён нафақат юртимиз балки, хориждаги тасвирий санъат ихлосмандлари ҳам Моҳинурнинг ижод маҳсулидан баҳраманд бўлади.
Тошкент шаҳар П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг 11-синф ўқувчиси Моҳинур Жалолова тасвирий санъатнинг дастгоҳлик ранг-тасвир йўналишида ижод қилади. У мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда иштирок этиб, ўз истеъдодини намоён этмоқда.
Жумладан, 2016 йил Чехияда ташкил этилган 44-Халқаро ёш рассомлар кўрик-танловида иштирок этиб, фаол иштироки учун мукофотланган. Ўша йили Болгариянинг Монтана шаҳрида бўлиб ўтган “Миллий рақс” мавзусида ёш рассомлар кўрик-танловида ўз асарлари билан қатнашган.

Шунингдек, 2016 йилда Россиянинг Владимир шаҳрида Халқаро ёш рассомлар ва “Дом мира” ташкилоти томонидан ўтказилган XV халқаро ёш рассомлар пленэрида фаол иштирок этиб, 1-даражали фахрий ёрлиқ ҳамда олтин медаль билан тақдирланган. Орадан бир йил ўтиб XVI халқаро ёш рассомларнинг “Жонажон ўлкамнинг тарихий бурчаклари” кўрик-танловида энг олий ўрин “Гран при” соҳибаси бўлган. Унинг ишлаган расмлари Владимир шаҳридаги халқаро музейга қўйилган.
– Ёшлигимдан тасвирий санъатнинг ранг-тасвир йўналишига қизиқишим баланд эди, – деди М.Жалолова. – Буни ўз вақтида пайқаган ота-онам мени орзуларим сари йўналтирди. Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида устозларим А.Норқобилов, Б.Расулов, У.Шоймуродов, О.Қозоқовдан тасвирий санъатнинг сирларини ўргандим ва кўплаб ютуқларга эришдим. 9-синфни битириб имтиҳон асосида Тошкент шаҳридаги П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига ўқишга кирдим. Ҳозирда устозим Ш.Ҳакимовдан сабоқ олиб келмоқдаман.
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, 28 нафар истеъдодли, изланувчан, ташаббускор, фидойи қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилиб ўсган, Моҳинур Жалолова ҳам бор.
Моҳинур Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган тантанали маросимда иштирок этди ва Президентимиз қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини қабул қилиб олди.
– Уч йилдан буён Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловида қатнашаман, – деди М.Жалолова. – Танловнинг қуйи босқичларида тенгдошларим мендан устун келган вақти ҳеч ҳам ортга чекинмадим. Интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган. Ўз устимда ишладим, мақсадим сари олға интилдим ва ниҳоят ушбу мукофот насиб этди. Президентимиз Давлат мукофотини топширганларида жудаям хаяжон босди. Ўша онларни унутиб бўлмайди. Менга мукофот билан бир қаторда катта масъулият юклатилди. Мақсадим юртимизга ўз ҳиссамни қўшиш, тасвирий санъат йўналиши бўйича янада изланиб, кўплаб халқаро танловларда иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини янада кўкларга кўтармоқчиман.
Моҳинур етакчилик қобилиятига эга, жамоат ишларида фаол, ташаббускор. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилоти фаоли, Тошкент шаҳар Ёшлар марказида тасвирий санъат тўгарагида ўзининг тенгқурларига ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ёшларга бепул сабоқ бериб келмоқда. У “Сеҳрли қўллар” республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиққан. Ушбу кўрик-танловни халқаро миқёсда ўтказиш бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашига таклиф киритиб, бу кўрик-танловни оммалаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
У жамоат ишларида фаоллиги, ташкилотчилиги ва тарғиботчилик фаолияти билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Моҳинур бўш вақтларида инглиз ва корейс тилларини ўрганиш билан шуғулланади.