Шўрчига “Совғалар карвони” етиб келди
Мазкур акция мамлакатимиздаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 125-мактаб-интернатга ўзгача Янги йил байрами шукуҳини улашди.
Мактаб-интернатда таълим-тарбия олаётган кўришда нуқсони бўлган ўқувчиларга агентликнинг “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Совғалар карвони” хайрия акциясининг турли ширинликлардан иборат Янги йил совғалари ва 38 турдаги Брайль алифбосида чоп этилган китоблар, аудиокитоблар, замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари, спорт анжомлари, мусиқа асбоблари тантанали топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи С.Саломов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлодни ҳар тарафлама баркамол вояга етказиб, уларнинг таълим-тарбия олиши, жисмонан чиниқиши ва юртга муносиб инсонлар бўлиб улғайиши давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва соғлиғида нуқсони бўлган ўғил-қизларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилаётгани қайд этилди.

Мазкур акция мамлакатимиздаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.
Вилоятда ягона ушбу таълим муассасасида 272 нафар кўришда нуқсони бўлган ўғил-қиз сабоқ олмоқда. Уларга 82 нафар ўқитувчи ва 146 нафар тарбиячи таълим-тарбия бераётир. Янги йил арафасида пойтахтимиздан юборилган совғалар нафақат ўқувчилар, балки уларнинг устозларига ҳам муносиб туҳфа бўлди.

Ушбу мактаб-интернат ўқувчилари мамлакатимизда ўтказилаётган турли спорт мусобақалари ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Кўришда нуқсони бўлган ўқувчиларга мўлжалланган спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари уларнинг бу борадаги ютуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Янги мусиқа асбобларида ишлаш бизга завқ бағишлайди, – дейди муассаса мусиқа фани ўқитувчиси Равшан Маҳкамов. – Гитара, дутор, рубоб, танбур, най, ғижжак каби мусиқа асбобларининг янги йил арафасида совға қилингани бизни қувонтирди. Бу санъатга ошуфта ўғил-қизларимизнинг ўз истеъдодини янада кенгроқ намойиш этиши учун қулай имконият яратади. Бундай эътибор учун чексиз миннатдормиз.
Тадбир якунида болажонларга пойтахтдан юборилган турфа ширинликлар улашилди. Санъатсевар ўқувчилар янги мусиқа асбобларида куй-қўшиқ ижро этди. Брайль алифбосида чоп этилган Ўткир Ҳошимовнинг “Муҳаббат”, Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” китобларидан парчалар ўқиб беришди. Болалар келажакдаги орзу-умидлари билан ўртоқлашди.