«Sevimli» телеканали ижодий йўналиши янгиланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам қатор вазифалар қўйилди.
Бу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Sevimli” телеканали ижодий жамоаси томонидан бирмунча ишлар режалаштирилмоқда.

Бугун кўпчилик телетомошабинлар сериаллар, айниқса, хориж мамлакатларида ишлаб чиқилган сериалларни томоша қилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шуни ҳисобга олиб, телеканал раҳбарияти халқимизнинг ўзига хос менталитети, қадрият ва турмуш тарзига мос миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича бир қатор режаларни ўйлаяпти.
Сўнгги тўрт йил мамлакатимизда барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари медиабозорида ҳам кескин ўзгаришлар ва ривожланиш даври бўлди. Миллий телеканалларнинг салмоғи ошди, телеаудиторияси яна кенгайди. Бунда нодавлат телеканалларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусий телеканаллар ўз эфир дастурларини янги давр талаби, томошабиннинг информацияга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб тайёрлагани учун ҳам одамлар қизиқишини уйғота олди. Том маънода айтадиган бўлсак, мамлакат медиабозорида хориж телеканаллари улуши сезиларли даражада камайди.
Ўзбекистонда телевидение аудиторияси тадқиқотларини амалга оширувчи, Kantar ва WPP халқаро холдинг таркибига кирувчи «Kantar Research» МЧЖнинг 2020 йил якуни бўйича эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, республикамиздаги фаол телетомошабинларнинг 64 фоизи миллий телеканалларни, 32 фоизи эса хорижий телеканалларни томоша қилмоқда. Умуман, телевизор кўрмайдиганлар сони эса 4 фоизни ташкил этади.
Мазкур рақамлар орқали миллий телеканалларимиз ўзбек томошабинини қайтара олгани, турли ахборот хуружлари ва рақобат шароитида ўз ўрнини мустаҳкамлаётганини кўриш мумкин.
Бироқ телеканаллар эфир сеткасидан жой олаётган барча телемаҳсулотлар ҳам мазмун жиҳатдан бадиий пишиқ деб бўлмайди. Миллий телеканалларнинг барчасида хорижий кино ва сериалларнинг улуши кўпроқ. Миллий ғоя ва маънавиятимизни тарғиб қилувчи кўрсатувлар ва медиамаҳсулотларни етарли эмас.
“Sevimli” телеканали ҳам мажлисда билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқиб, каналнинг ижодий йўналиши ва эфир сеткасини тубдан ўзгартириш масаласини кўриб чиқди ва зарур амалий чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, босқичма-босқич асосида хорижий сериаллар ўрнини миллий сериаллар билан тўлдириш амалиёти бошланди. Бунда телеканал томонидан миллий контентни шакллантириш ва миллий телемаҳсулотлар бозорини ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган телесериаллар ишлаб чиқариш амалиёти қўл келиши, шубҳасиз. Ана шундай амалиёт натижасида телеканал ўтган йили ўз маблағлари ҳисобидан 3 та миллий сериал суратга олиб, эфирга узатди.

Жорий йилда эса телеканал томонидан 5 та янги миллий сериал суратга олинмоқда. Жумладан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда 60 қисмдан иборат “Орзулар палатаси” сериалида онкологик касалликлар билан оғриган беморлар ҳаёти ва бу борадаги шифокорлар жонбозлиги очиб берилади. Чунки, бугун шифокорларимиз давр қаҳрамонларидир. Уларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатини бадиий образлар орқали халқимизга кўрсатиш бизнинг бурчимиздир.
Шу мавзудаги яна бир янги янги асар – “Дард” сериали: 40 қисмдан иборат ушбу сериал орқали шифокорларнинг матонатли меҳнати, тиббиёт соҳасидаги ютуқ ва камчиликлар очиб берилади.
Бугунги кунда ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнати мамлакатимиз Президенти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Устозларнинг ҳаёти ва заҳматли фаолияти ҳақида “Кечиккан тонг” номли янги сериал ҳам суратга олинмоқда.
Айни кунда ижтимоий ҳаётимизда маҳалланинг ўрни тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шу боисдан телеканалимиз буюртмасига асосан, 30 қисмдан иборат “Она замин” деб номланган янги миллий сериал суратга олинмоқда.
Шунингдек, 50 қисмдан иборат бўлган “Сабрия” сериали ҳам айнан маҳалланинг ўрнини кўрсатишга йўналтирилган. Сериалда маҳалланинг ўрни, унинг оилаларни яраштириш ва келишмовчиликларни бартараф этишдаги роли очиб берилган.
Телеканалимиз томонидан тасвирга олинаётган 45 қисмлик яна бир янги “Мени асра” сериали орқали инсонлар ўртасидаги барча муносабатларда самимият ва меҳр-муҳаббат риштаси, инсоннинг инсонга омонатлиги, бир-бирини асраб-авайлаши лозимлиги кўрсатилади.
Телеканал ижодкорлари янги мавзулар ва йўналишлар, лойиҳалар устида ҳам иш олиб бормоқда.
“Sevimli” оила ва оилавий қадриятлар, жамиятда ижтимоий муносабатларнинг устуворлиги, миллий ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилувчи телеканалдир. Таҳлилларга эътибор қаратсак, бугунги кунда Ўзбекистонда фаол телеаудиториянинг 52 фоизини аёллар, 42 фоизини эркаклар ташкил этади. Уларнинг 43 фоизи меҳнат бозорида ишлаётган фуқаролар бўлиб, телетомошабинларнинг 83 фоизи ўзбек тилида сўзлашувчи аудитория ҳиссасига тўғри келади. Бунда “Sevimli” телеканалининг телеаудитория қамрови ўртача 3 млн. 800 минг кишини ташкил этади.
Шунинг учун ҳам, бугунги кунда телеканал томонидан ишлаб чиқарилаётган аксарият телемаҳсулотлар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилада эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона ва келин муносабатларини яхшилаш, жамиятда аёлларнинг ўрни ҳамда ролини мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, душанбадан жумагача эфирга узатилаётган жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, ажралишлар сонини камайтириш, қайнона ва келин муносабатларини яхшилашга қаратилган янги “Олов келин” реалити шоуси, “Маҳаллада дув-дув гап” ток-шоуси ҳамда “Хайрли оқшом” кўрсатуви томошабинлар эътиборини қозонмоқда.

Бундан ташқари, “Sevimli” телеканали телетомошабинларнинг уйда бўлган вақтида зерикиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида шанба ва якшанба кунлари учун ҳам алоҳида эфир сеткасини ишлаб чиққан бўлиб, маънавий-маърифий, мусиқий кўнгилочар дастур – “Эслаб, эслаб...”, таниқли кино ва театр актёрлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда санъаткорлар ҳаётига бағишланган янги “Изларим...” кўрсатуви, вафот этган таниқли шахслар хотирасига бағишланган “Ҳар нафасда уйғоқман” маънавий-маърифий ҳужжатли фильми шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда телеканал республикамизнинг барча ҳудуди, шунингдек, қўшни чегарадош давлатларга HD ва SD форматда сигналлар узатмоқда.
Телеканал эндиликда Президентнинг парламентга Мурожаатномаси ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган ведиоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар, илгари сурилган ғояларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик вакиллари, оддий фуқаролар, ёшлар ҳамда аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Хусусан, “Ўзбегим” маърифий дастурида миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз, ҳунармандчилик, бахшичилик, йўқолиб бораётган амалий санъат дурдоналаридан халқимизни хабардор қилиш, бу борада изланиш олиб бораётган олимлар, санъат ва маданият вакиллари билан суҳбатлар уюштириш, уларнинг фаолиятига бағишланган лавҳа ва репортажлар тайёрлаш мақсад қилинган. Бундан ташқари, ушбу дастурда Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллигинини ўтказиш тўғрисидаги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида улуғ бобомиз ҳаёти ва ижодидан намуналар тайёрланади.
“Инсон қалбига йўл” маънавий-маърифий дастури эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда тайёрланиб, муқаддас Ислом динимиз билан боғлиқ ижтимоий ҳаётимизда учраётган саволларга диний уламоларимиз томонидан жавоблар бериб борилади.
“Sevimli” телеканалининг асосий йўналиши ва мақсади оилада мустаҳкам ва соғлом муносабатларни тарғиб килиш, бахтли ҳаёт ва миллий қадриятларни ҳурмат қилишга чорлашдан иборат. Шунинг учун ҳам 2021 йилдаги асосий лойиҳаларимиз айнан хотин-қизларни жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш, ўзига бўлган ишончини орттириш ва ҳаётда яшаб кетишларини таъминлашга йўналтирилган.
Мисол учун, “Она қизим” номли янги лойиҳа қизларнинг тарбияси, уларни оила қуришга тайёрлаш, оилада она ва қиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилади.

“Биргамиз” – ушбу янги лойиҳа энг ибратли оилаларда эр ва хотиннинг ҳар бир ишда бир-бирига кўмак ва ёрдам беришини кўрсатиш орқали эр-хот
ин муносабатларида юксак маданиятни шакллантиришга қаратилган. Бу кўрсатув, шунингдек, оилаларда қийинчиликларни муваффақиятли енгиб ўтиш ва, албатта бахтга эришиш масалаларини ўз ичига қамраб олади.
Қафасда”: ушбу янги лойиҳа орқали ҳаётда ўз йўлини йўқотиб, хато қилган аёлларнинг афсуслари, ҳаётий кечинмалари очиб берилади. Кўрсатув қаҳрамонлари тақдири орқали томошабинга ножоиз босилган ҳар қандай нотўғри қадамнинг оқибати оғир экани кўрсатилади.
Бир сўз билан айтганда, асосий лойиҳаларимиз айнан оила ва аёллар масаласига қаратилгани учун ҳам бизни 25 ёшдан юқори бўлган телетомошабинлар аудиториясининг фаол қисми томоша қилади. “Sevimli” – Ўзбекистоннинг оилавий телеканали, биз учун энг қадрли ва муҳим бўлган жиҳатлар бу – оила ва халқ бирдамлиги, эзгулик ва яхшилик, ҳар бир оилада меҳр-муҳаббат ва тинчлик бўлишидир.
Хулоса қилиб айтганда, “Sevimli” телеканали ўтган давр мобайнида миллий контентга тўлиқ ўтишга катта тайёргарлик кўрди. Бу борада 20 га яқин янги лойиҳа тайёрланди, 10 дан зиёд миллий сериални сотиб олиш бўйича хусусий киностудиялар билан шартномалар имзоланди, 450 дан ортиқ миллий фильмлар сотиб олиниб, телеканал архив базаси бойитилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, телетомошабинларнинг енгил-елпи, мусиқий-кўнгилочар кўрсатувларга нисбатан таҳлилий-танқидий, ижтимоий-сиёсий ахборотларга бўлган қизиқиши ортган. Жумладан, Ўзбекистонда телевидение аудиторияси тадқиқотларини амалга оширувчи «Kantar Research» МЧЖнинг 2020 йил якуни бўйича эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, “Sevimli” телеканалида ҳар куни 4 маротаба тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узатилаётган “Замон” информацион-таҳлилий дастурини умумий телеаудиториянинг 18,1 фоизи томоша қилган ва барча телемаҳсулотлар орасида биринчи ўринни қўлга киритган. “Хайрли оқшом” ҳамда “Маҳаллада дув-дув гап” ток-шоусини юртимиздаги телевизор кўрувчи фаол томошабиннинг ўртача 19,2 фоизи кузатгани эса Янги Ўзбекистон даврида одамларнинг дунёқараши ўзгараётгани, ахборотга бўлган талаби ўсиб бораётганидан далолатдир.
Буларнинг барчаси "Sevimli" телеканалининг 2020 йилда 6-55+ ёшли аудитория орасида энг кўп кўрилган телеканал бўлишини таъминлади. У Ўзбекистоннинг биринчи рақамли телеканали номини 2020 йилда ҳам сақлаб қолди.

Жалолиддин Сафоев,
“Sevimli” телеканали бош директори