Сеулдаги олий даражадаги музокаралар икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очмоқда
Кўп йиллик дипломатик кузатувлар ва сиёсий жараёнлар таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда чинакам стратегик шерикликнинг юксак намунасига айланди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга ошираётган давлат ташрифи ва Сеул шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар ана шу узоқни кўзлаб олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, икки мамлакат ҳамкорлигида янги, янада масъулиятли саҳифани очиб берди.

Агар, дипломатик муносабатларимиз тарихига назар ташласак, Корея Республикаси билан 1992 йилда расмий алоқалар ўрнатилганидан буён босиб ўтилган йўл нақадар мазмунли ва самарали бўлганининг гувоҳи бўламиз. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бу муносабатлар ҳеч қачон вақтинчалик конъюнктурага асосланмаган. Аксинча, улар мустаҳкам сиёсий ирода, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида йилдан-йилга мустаҳкамланиб борди. Сўнгги йилларда эса олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли бу алоқалар сифат жиҳатидан янги – “алоҳида стратегик шериклик” даражасига кўтарилди.
Жумладан, бугунги кунда икки томонлама муносабатларнинг пойдеворини кучли иқтисодий мазмун ташкил этади. Мамлакатимизда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхонанинг фаолият юритаётгани, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Эксимбанк ва “EDCF” жамғармаси кўмагида саноат, АКТ, энергетика, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўнлаб стратегик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани бунинг яққол далилидир.
Сеулдаги музокараларда давлатимиз раҳбари иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг бешта асосий устувор йўналишини кўрсатиб ўтди. Булар – савдо алоқаларини изчил диверсификация қилиш, инвестициялар ҳажмини сезиларли даражада ошириш, муҳим минераллар ресурсларини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, транспорт ва инфратузилма соҳаларида интеграцияни чуқурлаштиришдир. Ташриф доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли инвестиция лойиҳаларининг тайёрлангани ва Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилингани мамлакатимиз иқтисодиётига билдирилаётган улкан ишончнинг амалий ифодасидир.
Ушбу ташрифдаги яна бир муҳим жиҳат – томонларнинг Кореянинг илғор технологиялари ва Янги Ўзбекистоннинг бой хомашё ҳамда кадрлар салоҳиятини бирлаштирган мустаҳкам инновацион ва технологик альянсни шакллантиришга интилаётганидир.
Бу альянс ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, рақамли ечимлар, замонавий тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форумнинг юқори натижалари ва кейинги форумни тарихий Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишув ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янги босқичга кўтаради.
Давлатимиз раҳбари ҳамда Корея Республикаси Бош вазири Хан Сон Сук иштирокида ўтказилган қўшма бизнес форумда “Lotte Chemical”, “Hyundai Motor Group”, “Samsung C&T”, “CJ Group”, “Shinhan Financial Group”, “Hyundai Rotem”, “KIND”, “Kia Corporation” каби жаҳон саноатининг етакчиларидан ҳисобланган кўплаб йирик компанияларнинг қатнашгани бежиз эмас. Бу Ўзбекистонда сўнгги йилларда яратилган очиқ, эркин ва хавфсиз инвестиция муҳитининг энг ишончли натижасидир. Форумда мисни чуқур қайта ишлаш, электротехника, электромобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳаларида қўшма лойиҳаларни бошлаш бўйича эришилган келишувлар яқин келажакда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш занжирини яратишга хизмат қилади.
Давлат ташрифи доирасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик билан ўтказилган учрашув қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатлар раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар ижросини таъминлашда парламент мониторинги механизмини яратиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. 2027 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида “парламент дипломатияси” доирасида қўшма тадбирларни ўтказишга келишиб олингани ўз вақтидаги қадамдир.
Ҳар қандай давлатлараро муносабатларнинг пойдевори эса халқлар ўртасидаги маънавий ришталарга таянади. Юртимизда фаолият юритувчи Жанубий Корея университетларининг филиаллари, KOICA кўмагидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ёшларимизнинг келажаги учун муҳим пойдевор яратмоқда. Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, кўп сонли корейс диаспораси Ўзбекистон кўп миллатли оиласининг ажралмас қисми ҳамда халқларимиз ўртасидаги муқаддас “маънавий кўприк”дир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга ошираётган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда ҳақиқий бурилиш ясади. Сеулда эришилган улкан келишувлар, жумладан, қарийб 12 миллиард долларлик инвестиция портфелининг шакллантирилиши, савдо-иқтисодий ва технологик ҳамкорликнинг янги – инновацион альянс даражасига кўтарилиши ҳамда парламент ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашуви стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Айни пайтда, 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ҳамда дипломатик алоқаларнинг 35 йиллигини кенг нишонлаш борасидаги келишувлар икки халқни бир-бирига янада яқинлаштирувчи мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Умуман олганда, ушбу тарихий ташриф доирасида қабул қилинган ҳар бир қарор ва имзоланган битимлар нафақат бугунги кун манфаатлари, балки келажакдаги умумий тараққиёт ва фаровонлик марраларини кафолатловчи ишончли стратегик пойдевордир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА