Сеул – биринчи, Токио – иккинчи
Навбатдаги рейтингда масофадан ишловчилар учун энг қулай йирик шаҳарлар аниқланди: Сеул биринчи, Токио иккинчи, Ханой учинчи ўринни эгаллади. Эътиборлиси, Япониядан Осака ва Нагоя ҳам кучли ўнликка кирди.
Рўйхатни тузишда 104 йирик шаҳардан иш жойи, кўнгил очар маскан, маданий муассаса, интернет тезлиги, нарх-наво ва об-ҳаво ўрганилди. Қулай иш куни сифатида ўртача 15-28 даража оралиғидаги ҳарорат, намлик қалинлиги 5 миллиметрдан ошмаган ёғингарчилик мезон қилиб олинган.
Ўзига хос мусобақада Сеул 73,60 балл тўплади. Жанубий Корея пойтахтида ҳар бир квадрат километрга 59,67 иш жойи тўғри келган, интернет юклаб олиш тезлиги 69,27 Мбит/с. 72,61 балл берилган Токиода ишдан кейин вақт ўтказиш учун жой бемалол экан – ҳар квадрат километрга 395,12 манзил.
Европадан фақат Испаниянинг икки шаҳри кучли ўнликдан ўрин олди: Барселона – олтинчи, Мадрид – еттинчи. Рейтингда Сан-Паулу саккизинчи, Нагоя тўққизинчи, Хошимин шаҳри ўнинчи ўринни банд этди.
Мусулмон Зиё, ЎзА