Серқирра, бетакрор ижодкор
Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, йирик давлат арбоби ва саркарда сифатида ном қозонган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли ва бой мероси ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, комилликка етаклаш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда муҳим маънавий қалқон вазифасини ўтайди.
Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари, жаҳон адабий меросининг таркибий қисмидир.
«Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Бу бой хазинанинг қадри нақадар қимматли эканлигини тушунтириш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш муҳим вазифалардан биридир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Мудофаа вазирлигининг Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан “Бобурнинг ҳарбий маҳорати” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз юритилар экан, аллома шахсининг беназирлиги таъкидланди.
Бобур кучли шахс эканлиги, у наинки шоир ва адиб, балки ўз замонасининг давлат арбоби, саркарда, чинакам ватанпарвар инсон бўлганлиги манбалардан яхши маълум.
Ватандан айро яшаган шоҳ, ўз диёрини умрининг сўнгги лаҳзаларигача соғиниб, қўмсаб ижод қилган дилбар шоир ҳамдир. “Бобурнома”дек мемуар асарни яратган аллома бобомиз машҳур тарихнавис олимлар қаторидан ҳам жой олган.
Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рубоийларидан намуналар ўқилиб, ғазалларига басталанган куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази маъсул ходимлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари иштирок этган ушбу тадбир ғоят самимий, файзли ўтди.

Н.Усмонова, ЎзА