Сергели туманидаги 300-мактабда ҳам "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ўтказилди
Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтказилди.
Жумладан, Сергели туманидаги 300-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов иштирок этиб, Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Табрикда таъкидланганидек, бу йил юртимиз бўйлаб 472 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз мактаб таълимини якунлаб, мустақил ҳаёт сари дастлабки қадамларини қўймоқда.
Айниқса, жорий йилда биринчи марта 11 минг нафардан зиёд битирувчиларнинг олтин ва кумуш медаллар билан мактабни тамомлаётгани мамлакатимизда таълим сифати, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг билим олишга бўлган интилишлари юксалиб бораётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

Битирувчиларнинг таълим ва фан соҳасидаги ютуқлари ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, 45 нафар ўқувчи муддатидан олдин хорижий давлатлар ҳамда Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
Шунингдек, туман фан олимпиадаларида иштирок этган 82 нафар ўқувчи шаҳар босқичига йўлланма олган бўлса, улардан 6 нафари ғолиб ва совриндор сифатида республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Таъкидлаш жоизки, Сергели туманидаги 25 та умумтаълим мактабини бу йил 3,5 минг нафардан зиёд битирувчи тамомламоқда. Улардан 47 нафари олтин, 13 нафари эса кумуш медаль соҳиби бўлди.

Ёшларни рағбатлантириш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман бўйлаб энг фаол ва намунали 100 нафар битирувчига Божхона қўмитаси номидан планшетлар совға қилинди. Жумладан, 300-сонли умумтаълим мактабининг 12 нафар фаол битирувчисига планшетлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларга эзгу тилаклар билдириб, уларнинг келгусида мамлакат тараққиёти, юрт равнақи ва Янги Ўзбекистон келажаги учун муносиб кадрлар бўлиб етишишларига ишонч билдирди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА