Сенаторларнинг аҳоли вакиллари билан учрашуви давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг доимий асосда ишловчи сенаторлари ҳудудларда бўлиб, Сенатнинг 24-ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар мазмун-моҳиятни аҳолининг кенг қатламларига етказиш ва Сенат қарорлари ижроси ва фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида учрашувларда иштирок этишмоқда.
Жумладан, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатори Қобул Турсунов Навоий вилоятининг Нурота тумани ва Ғозғон шаҳрига ташриф буюрди.

Учрашувлар чоғида ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилаётган ишлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, тиббий саводхонликни ошириш, ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2022 йилда чорвачилик тармоқларида, пиллачилик ва қоракўлчилик йўналишида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, аҳоли хонадонларида қорамол, қўй, эчки, парранда ва бошқа чорва молларини кўпайтириш, озуқа-ем таъминотини яхшилаш ва ватеринария хизматлари бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш юзасидан масъуллар ҳамда мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарларига тегишли тавсия ва таклифлар берилди.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда сенатор Қобил Турсунов, Қонунчилик палатаси демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев, вилоят ҳокими ўринбосарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкиллаштириш каби масалалар муҳокама этилди.

Жорий йил вилоятда май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови 330 та, шундан 20 та овул ва 310 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтади. Бугунги кунда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия таркиби, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Сенаторларнинг вилоятда учрашувлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА