Сенатор Конституция моҳиятини тушунтирди
Юртимизда шу йилнинг 30 апрель куни муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасига мувофиқ референдум бўлиб ўтади.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий равишда фаолият юритувчи сенаторлар ўз ҳудудларида бўлиб, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва таълим масканларида янги таҳрирдаги Конституция тарғиботига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси Маҳмуджон Парпиев Наманган вилоятига хизмат сафари аввалида ёшлар билан учрашди.
Наманган давлат университетида “Референдум – 2023: Келажагинг учун овоз бер” шиори остида “Референдум ва ёшлар” мавзусида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида вилоят прокуратура органларининг масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди. Сенатор маърузаси аввалида, янгиланаётган Конституцияда инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш биринчи ўринга қўйилганлиги, Конституциявий қонун лойиҳаси халқ билан бамаслаҳат, уларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилгани учун ҳам халқчил, бугунги кун талабларига жавоб беришини таъкидлади.

Бевосита халқимизнинг 220 мингдан зиёд таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Бош қомусимизда 64 та модда ўзгартирилиб, 128 тадан 155 тага кўпайтирилмоқда. Ундаги нормалар сони эса 275 тадан 434 тага ошди. Энг асосийси шундаки, амалдаги бош ҳужжатдан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробарга ошмоқда. Инсоннинг яшаш, соғлиғини сақлаш, илм олиш ва меҳнат қилиш каби фундаментал ҳуқуқлари мустаҳкамланиб қўйилаётганлиги келгусида давлат идоралари ва мансабдор шахсларининг фақатгина фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият юритиши лозимлигини англатади.
Нотиқ ўз сўзида, шунингдек, янгиланаётган Конституциянинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталаркан, шу жумладан таълимдаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг келгусида ёш авлод камолоти ва ҳимояси борасида ҳам батафсил тўхталди. Шуни қайд этиш керакки, кейинги йилларда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт бўйича квоталар сони ошганлиги ота-оналар ва талабаларда давлат грантлари сони камайиб кетар эканда, деган ўринли саволларни келтириб чиқаргани бор гап. Янги таҳрирдаги Конституцияда “Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли” деган норманинг мустаҳкамланиши энг аввало, ушбу вазифани конституциявий даражада кафолатини таъминлаш, қолаверса турли хавотирларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тарғибот тадбирида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Университет томонидан ўтказилган ижодий ишлар танловида ғолибликни қўлга киритган талабалар мукофотларни сенатор қўлидан қабул қилиб олди. Учрашув якунида жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида ёшларни фаол иштирок этишга чақирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА