Сенатор аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, маҳалла тизими самарадорлигини оширишга эътибор қаратди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова халқ депутатлари Учтепа тумани кенгаши депутатлари ҳамда туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда "маҳалла еттилиги" фаолияти, таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар ва талабалар учун барпо этилаётган инфратузилма объектлари ҳолатини ўрганди.
Жумладан, тумандаги Фарҳод маҳалласи биноси фаолияти билан танишилди. “Маҳалла еттилиги” учун яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва маҳалла тизими самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
44-сонли умумтаълим мактабида замонавий ўқув хоналари ва лабораторияларда яратилган имкониятлар кўздан кечирилди. Хусусан, IT, қандолатчилик ва тиббиёт йўналишлари бўйича махсус хоналар, шунингдек, кимё-биология ҳамда физика лабораторияларининг жиҳозлангани ва ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфлангани ўрганилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари учун давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган талабалар турар жойи мажмуаси ҳам кўздан кечирилди. Қайд этилганидек, мазкур мажмуа фойдаланишга топширилгач, 1,5 минг нафар талабани турар жой билан таъминлаш имконияти яратилади.
Ўрганишлар давомида билдирилган таклифлар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим сифатини юксалтириш ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Ўрганишлар якунида туман кенгаши депутатлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ҳудуддаги долзарб масалалар, уларни ҳал этиш чоралари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Сенатнинг 16-ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар ва кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА