Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мажлисда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтириш, миллий гвардия фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар кўриб чиқилади.
Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилишга оид қонун муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартиришга доир масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Ялпи мажлисда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳамда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.
Сенаторлар Сенат кенгаши қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА