Сенатда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида Самарқанд вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастури доирасида 201 лойиҳа учун 8,7 миллиард сўм кредит ажратилган. Шунингдек, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича 174 лойиҳага 1,7 миллиард сўм, “Ёрқин келажак сари” дастури бўйича 7 лойиҳага 5,9 миллиард сўм кредит берилган.
Савдо-саноат палатаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, Касбий кўникмалар марказлари ва бошқа муассасаларда ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. “Битирувчи ёшлар бандлик дастури” доирасида эса 37 минг 810 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Шу билан бирга, муҳокамалар давомида соҳада қатор муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, 2025 йилда рўйхатдан ўтган 3 минг 533 нафар якка тартибдаги тадбиркор ёшларнинг 1 минг 536 таси ўз фаолиятини шу йилнинг ўзида тўхтатган.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 164 инвестиция лойиҳасидан атиги 12 таси ишга туширилган, 110 тасида эса ишлар бошланмаган.
Оқибатда режалаштирилган 1 минг 37 иш ўрнидан бор-йўғи 37 таси яратилган бўлиб, уларнинг жуда кам қисми ёшлар ҳиссасига тўғри келади.
Вилоятдаги барча саноат зоналарида йўл инфратузилмасини яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлаш ишлари ҳалигача якунланмаган.
Тижорат банклари вилоятдаги 129 лойиҳа учун Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармасига буюртманома берган. Бироқ, шундан атиги 40 та лойиҳага маблағ ажратилган.
Касбий кўникмалар марказида “ваучер” асосида ўқитилган 2 минг 124 кишидан 1 минг 412 нафари, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ўқитилган 7,2 минг нафардан 4 минг 244 нафари, Савдо-саноат палатаси томонидан ўқитилган 523 нафардан 309 нафарининг бандлиги таъминланмаган.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар зиммасига вазифалар юклатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА