Сенатда инсон ҳуқуқлари ҳимояси бош мавзуга айланди (+видео)
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 7-8 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган ялпи мажлис биринчи иш кунида пулли йўллар бунёд этиш, мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланиши, риэлторлик, суд-экспертлик, қўриқлаш фаолиятига оид қонунлар кўриб чиқилди.
Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласи қонунчиликка киритилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши қонунларда акс эттирилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси эшитилди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ ушбу мавзу ялпи мажлиснинг бош мавзуларидан бирига айланди. Чунки, айнан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматованинг маърузаси Сенат раиси ҳамда сенаторларни кўпроқ қизиқтирди, муҳокама ва мунозаралар узоқ давом этди.
[gallery-28649]
Қайд этилишича, 2025 йилда Омбудсман номига 26 минг 372 мурожаат келиб тушган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан 194 таъсир чораси киритилиб, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада фуқаролар фойдасига 11 миллиард 82 миллион сўм маблағ ундирилган.
Инсон ҳуқуқларини бузган 118 нафар масъул шахс интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган.
Ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2025 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони 12,6 фоизга ортган.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, оилада аёлнинг таҳқирланиши ҳамда шахсий ҳаётга ўзбошимчалик билан аралашиш масалалари бўйича 585 мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 291 тага ошган.
Бу кўрсаткич мазкур йўналишдаги муаммоларнинг долзарблиги сақланиб қолаётганини ҳамда профилактика ва ҳимоя механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ялпи мажлисда, шунингдек, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қонун муҳокама қилинди. Мазкур қонун билан онлайн тўлов тизимларида учрайдиган фирибгарликка чек қўйишга оид меъёр белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)даги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди. Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди.
Шу билан Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси якунига етди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HOb--a7kQVA" title="Senatda inson huquqlari himoyasi bosh mavzuga aylandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА