Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун – 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига Сенат Раиси ўринбосари тўғрисидаги масала ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар киритилган.
Бундан ташқари, мажлисда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи, ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилади.
Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш масаласи сенаторлар эътиборига ҳавола этилади.
Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижалари ҳамда Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари кўриб чиқилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги масала ҳам кун тартибига киритилган.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақидаги хабарларни uza.uz орқали кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,ЎзА