Сенат Раиси: "Ҳудудларда тобора реал кучга айланиб бораётган маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигимиз кучайтирилмоқда"
Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисда Сенат Раиси Танзила Норбоева жамиятда кечаётган ислоҳотлар, уларнинг самарадорлигини оширишда сенаторлар, маҳаллий кенгашлар ва кенг жамоатчилик олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга, юқори палата томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди. Йил бошида қабул қилинган иш режа доирасида қонунчилик, назорат-таҳлил, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик, халқаро парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва бошқа қатор йўналишларда муҳим тадбирлар, ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилмоқда. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботлари эшитиб борилмоқда. Асосий эътибор икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвестициялар, экспорт ва туризм йўналишларига қаратилди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Қўшработ тумани тажрибаси ҳудуд раҳбарлари томонидан Сенатга тақдим қилинди. 144 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ушбу тумандаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон ўрганилди.

– Сенат ҳудудларда тобора реал кучга айланиб бораётган маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, – деди Т.Норбоева. – Яқинда Сирдарё вилоятининг Боёвут, Бухоро вилоятининг Олот туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид вазифалар ижросини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ушбу туманларда бўлиб, аҳоли, тадбиркорлар, маҳаллий кенгашлар аъзолари ҳамда сектор раҳбарлари билан мулоқот қилдик. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида аҳолини даромадли лойиҳаларга жалб қилиш, “Ғиждувон”, “Сайхунобод”, “Уйчи” тажрибалари асосида маҳаллаларда йўлга қўйилган лойиҳалар билан танишдик. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, таклифларини амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўрилди. Ҳудудларни ривожлантиришда депутатларнинг фаоллигини ошириш, вакиллик ва ижро органи ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳалла “еттилиги” билан биргаликда самарали иш ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилдик. Лойиҳалар ижроси устидан депутатлик назоратини ташкил қилиш бўйича аниқ чоралар кўрилди.
Ўрганишлар натижасида Боёвут ва Олот туманларини 2025-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Муҳим мақсадли кўрсаткичлар белгиланиб, унга кўра, келгуси уч йилда камбағаллик даражасини Боёвутда 2,5 фоизгача, Олот туманида 4 фоизгача тушириш мақсад қилинган.
Мазкур кўрсаткичларга эришиш учун дастурда белгиланган ҳар бир тадбирни босқичма-босқич, сифатли ижро этиш мақсадида “йўл хариталари” ҳам ишлаб чиқилди.
Келгусида мазкур дастурлар ижроси доимий эътибор ва назоратда бўлади. Парламент назорати доирасида қўмиталаримиз тегишли соҳа ва йўналишлардаги лойиҳалар самарадорлигини доимий ўрганиб боради. Бу борада сўровлар, эшитувлар ташкил қилинади. Ҳар бир вазифанинг ўз вақтида бажарилиши бўйича Ҳукумат, вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий кенгашлар билан бирга фаол иш олиб борилади.
Айни вақтда ушбу йўналишда бошқа ҳудудларда ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторларимиз бевосита ҳудудларда бўлиб, амалий ишларни бажармоқда. Бу борада маҳаллий кенгашлар, маҳалла “еттилиги” ва аҳоли билан 80 дан зиёд учрашувлар, мулоқотлар ташкил этилди.
Сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳолини ташвишлантираётган муаммолар атрофлича ўрганилди. Қўмита раиси Абдулҳаким Эшмуродовнинг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ўтказган сайёр қабулида 350 нафардан зиёд фуқаро қабул қилиниб, улардан 75 нафарининг мурожаати жойида ижобий ҳал қилинди (қолган мурожаатларнинг қонуний ҳал қилиниши назоратга олинган).
Сенатор Малика Қодирхонованинг Тошкент вилоятининг Қибрай туманида олиб борган ўрганиши натижаси бўйича “Бойжигит”, “Маърифат” маҳаллаларида мактабгача таълим ташкилоти қуриш зарурлиги ўртага ташланди. Ҳозирда бу борада қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Қўмита раиси Қутбидин Бурҳонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ сифатсиз йўл қурилишининг олдини олиш масалалари юзасидан Хоразм вилоятида комплекс ўрганишлар ўтказди. Йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳудудда амалга оширилаётган ишлар сифатини кўздан кечириб, зарур кўрсатмалар берилди.
Сенат ишчи гуруҳи Андижон, Наманган, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахт туманларида бўлиб, маҳаллий кенгашлар фаолиятини ривожлантиришга яқиндан кўмаклашмоқда. Натижада маҳаллий кенгашлар, мутасаддилар, тадбиркорлар, қолаверса, ҳудудларни ҳар тарафлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ва қўллаб-қувватланаётган ғоя, ташаббус ва тажрибаларнинг маъно-моҳиятини англаб, масъулият ва манфаатдорликни ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқда.
Ушбу йўналишда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларни фаоллаштириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш изчил давом эттирилади.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА