Сенат қўмиталари ва маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари ҳамкорлиги кучайтирилмоқда
Давлатимиз раҳбари маҳаллий кенгашлар фаолиятини кучайтириш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этган. Маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси этиб белгиланган.
Шу мақсадда Сенатда Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази фаолият юритмоқда.
Маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, айниқса, туман ва шаҳар бўлинмалари билан жойларда янгича ёндашув асосида ишлаши талаб этилади. Шу боис, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида хабардорлигини кучайтириш зарур.

Сенат томонидан маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлар бўйича хабардорлигини кучайтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган семинарлар шунга хизмат қилади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши доимий комиссиялари аъзолари Сенат қўмиталарида ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти маҳаллий кенгашлари котибияти ходимлари Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказида амалиёт ўтамоқда.

Амалиёт давомида Сенат қўмиталари ҳамда Марказ фаолияти билан танишилди. Маҳаллий кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид долзарб масалаларда маҳаллий вакиллик органларининг иштирокини ошириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Бундан ташқари, амалиётчилар қонунчилик жараёнига маҳаллий кенгашлар депутатларини жалб қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларда ҳудудий хусусият ва имкониятларни акс эттириш бўйича кўникмаларга эга бўлди.
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Анвар Туйчиев бошчилигида ўтказилган учрашув давомида маҳаллий кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш, Сенат қўмиталари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА