Сенат: маҳаллий вакиллик органлари фаолияти самарадорлиги оширилади ва депутатлик назорати кучайтирилади
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, халқ манфаати ва очиқ давлат бошқаруви тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда. Депутатлар корпуси жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижросини назорат қилиш ҳамда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим сиёсий институт сифатида фаол иштирок этмоқда.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари билан учрашувида мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда маҳаллий вакиллик органлари фаолияти таҳлил қилиниб, сессияларда кўриб чиқилаётган масалаларнинг мазмун-моҳияти ва сифатига алоҳида эътибор қаратиш, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотларини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари давомида кўтарилган муаммоларнинг аксарияти ижобий ҳал этилмоқда. Давлат органларига юборилган депутат сўровлари орқали қатор масалаларнинг ечим топаётгани маҳаллий кенгашларнинг таъсирчанлиги ортиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек, депутатларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини ўрганиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари билан шуғулланиши, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида аниқлаб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўраётгани таъкидланди.
Учрашувда маҳаллий вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва депутатлик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, қарорлар қабул қилишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш жараёнида тизимли муаммолар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш, кенгашларнинг назорат функциясини кучайтириш, депутатларнинг ташаббускорлиги ҳамда аҳоли билан ишлаш фаоллигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида маҳаллий вакиллик органлари ва депутатлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш юзасидан кенгаш раислари ва депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Илгари сурилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА