Сенат: Конституциявий суд қарорларининг ижро механизми кучайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов янгиланган Конституция нормаларини амалиётга татбиқ этиш ва фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш зарурияти ушбу қонунни қабул қилишни тақозо этганини таъкидлади.
– Амалдаги қонунчиликда рақамли технологиялардан фойдаланиш ва мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш борасида муайян ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд эди, - деди А.Эшмуродов. – Конституциявий қонун билан қуйидаги энг муҳим янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, суд фаолиятига ахборот тизими жорий этилиб, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, жараённи онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва мобил илова орқали судда иштирок этиш ҳамда очиқ суд мажлисларини Интернет орқали жонли эфирга узатиш имконияти яратилади.


Фуқаролар ва юридик шахсларнинг оворагарчилигига чек қўйиш ва муддатларни аниқ белгилаш мақсадида келиб тушган мурожаатларни 15 кунлик муддатда дастлабки тарзда ўрганиш, тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ваколатли органларга юбориш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Конституциявий суд қарорларининг ижро механизми кучайтирилмоқда. Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ушбу ҳужжатни 3 ой муддатда Конституцияга мувофиқлаштириши шартлиги ҳамда бундай ҳужжатлар асосида чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланмоқда.
Суд кадрлари таркибини мустаҳкамлаш ва холисликни таъминлаш учун Судьялар олий кенгаши билан биргаликда Конституциявий суд судьялигига номзодлар захирасини шакллантириш механизми мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, суд шаффофлигини ошириш ва фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА