Сенат: Илм-фанни ривожлантиришда сонга эмас, балки сифатга алоҳида эътибор қаратилади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси илм-фан соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Иштирокчилар қонун лойиҳасига киритилган муҳим тушунчаларнинг таърифини қизғин муҳокама қилди.
Тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда илмий ва (ёки) илмий-техник фаолиятда натижага эришмаслик хавфининг мавжудлигини эътироф этиш каби янги асосий тамойиллар киритилаётгани қайд этилди.

Муҳокама жараёнида сўзга чиққанлар қонун лойиҳаси илм-фанни ривожлантиришда сонга эмас, балки сифатга алоҳида эътибор қаратиш, илм-фан соҳасида турли хил бюрократик тўсиқлар ёки коррупциявий омилларни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторлар, олимлар, мутахассис ва экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилиш якунида қонун лойиҳасини қайта ишлаш ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга келишиш учун юбориш ҳақида қарор қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА