“Сен азиз ва муқаддассан, аёл” танлови
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан илк бор ташкил этилган “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” танлови ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова сўзга чиқди.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова таваллуд топган кун ҳамда Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида якунланган ушбу тадбирнинг ўзига хос ибратли жиҳатларга эгалиги эътиборга молик. Яъни унда ҳали бирон бир танловларда иштирок этмаган, чекка ҳудудларда яшаётган, ҳаётнинг турли жабҳаларида фидойилик кўрсатаётган оддий хотин-қизлар ҳам фаол қатнашди. Буни танлов номинацияларининг “Энг яхши заҳматкаш фидойи аёл”, “Бу – менинг онам”, “Энг тарбияли фарзанд тарбиялаган, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёл”, “Маърифатли аёл”, “Энг яхши қайнона-келин”, “Энг саранжом-сариштали хонадон бекаси”, “Аёллар дафтарида турган ва иш фаолиятини йўлга қўйиб ўзини-ўзи банд қилган аёл” каби номларидан ҳам билса бўлади. Танловда 21 минг 500 нафар хотин-қиз иштирок этгани жамият ҳаётида аёлга бўлган юксак эътибордан далолатдир.
– Ҳаётда она учун энг катта бахт бу фарзандларининг тарбияси ортидан раҳмат эшитишдир, – дейди Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Мавлуда Собирова. – Шу маънода “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” танловининг энг тарбияли фарзанд тарбиялаган оналар номинацияси ғолиблари қаторида бўлганим мен учун жуда катта эътироф бўлди. Уч нафар фарзандим бор. Учаласи ҳам олий маълумотли. Муҳими, уларнинг ҳар бири эл-юрт ишида ҳар доим фаол ва фидойи. Набираларим эса мактабда аъло баҳоларга ўқимоқда.
[gallery-16250]
“Сен азиз ва муқаддассан аёл” танловининг 10 та номинацияси бўйича Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларидан жами 110 нафар иштирокчи ғолиб, деб топилди. Уларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири