Сел оқибатида қулаган кўприк янгитдан қурилмоқда
Ўтган йил ёз ойида Андижон вилоятининг Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларини боғлаб турувчи “Оқбурсой” устига қурилган кўприк сел оқибатида қулаб тушган эди.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш дастури доирасида “Ўзйўлкўприк” кластери Андижон филиали қурувчилари томонидан мазкур кўприкни қайта қуриш ишлари белгиланган меъёр ва талаблар асосида олиб борилмоқда. Ўнлаб малакали мутахассислар, зарур техника воситалари жалб этилган.
Кўприк қурилишининг умумий лойиҳа қиймати 10 миллиард 997 миллион сўм бўлиб, ҳозирга қадар 8,68 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Айни пайтда узунлиги 54 метр, автомобиль қатнов қисми 11,5 метр бўлган кўприкка техникалар ёрдамида мутахассислар томонидан махсус тайёрланган бетон-плиталар ўрнатилмоқда.

Транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши, аҳолига қулайлик яратиш ва хавфсиз ҳаракатни йўлга қўйиш мақсадида кўприкнинг икки ёнига пиёдалар учун юриш йўлакчалари ҳам қурилмоқда.
Кўприк жорий йил март ойи охирига қадар фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари