Секторлар раҳбарлари тажриба алмашди
15-18 ноябрь кунлари Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларидаги секторлар раҳбарлари ва котиблари учун ўқув-семинарлар ўтказилди.
Дастлаб туман ва шаҳарлар ҳокимлари – биринчи сектор раҳбарлари ва котиблари Каттақўрғон шаҳрига таклиф этилди.
Ҳокимлар Ермачит маҳалла марказида жойлашган биринчи сектор штаби фаолияти билан танишди. Мазкур маҳалла маркази янги қурилган бўлиб, бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва штаб аъзоларининг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратилган. Тиббиёт пункти ва тикувчилик цехи ҳам ташкил этилган.


Тикувчилик цехига сектор томонидан тикув машиналари берилган. Маҳалла хотин-қизлари бу ерда касб-ҳунар ўрганмоқда ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
– Биринчи секторга шаҳардаги ўнта маҳалла бириктирилган, – дейди Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова. – Ҳудуддаги 6356 хонадон, 7505 оилада 32 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. 49 та кўп қаватли уй бор. Шунингдек, 6 та умумтаълим мактаби, 17 та мактабгача таълим ташкилоти, 3 та соғлиқни сақлаш муассасаси, бозор ва бошқа савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. Штаб ишини маҳалладаги “бешлик” билан яқин ҳамкорликда йўлга қўйганмиз. Ҳар бир масала бўйича аввало маҳалла фикри билан қизиқамиз. Фуқаролар мурожаатлари, дастурларга таклифлар ҳам шу тартибда кўриб чиқилади.


Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йилнинг 15 октябридан юртимиздаги 28 та туман ва шаҳарда, жумладан, Каттақўрғон шаҳрида эксперимент тариқасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Семинр иштирокчиларига мазкур марказ ва унинг фаолияти, маҳаллада иш олиб борадиган ходим вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Семинарда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, секторлар ишини такомиллаштириш ва яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
– Штабда турли соҳалардан йигирмага яқин ходим ишлайди, агар ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан бажарса, ҳудудда ҳал этилмаган муаммо қолмайди, – деди вилоят ҳокими. – 19-23 октябрь кунлари сектор раҳбарлари Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқиб келди. Мақсад – секторлар ишини жонлантириш, маҳаллаларда йўлга қўйилаётган “еттилик” билан самарали фаолият олиб борилишига эришиш. Бунинг учун сектор раҳбари маҳалла билан бирга ҳар ҳафталик режаларни аниқ белгилаб, унинг ижросини таъминлаши керак.

Семинар давомида штаблар ишини ташкил этиш, аъзолари фаолиятини назорат қилиш, аҳоли ва ижтимоий объектлар муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Туман ва шаҳарлардаги прокурорлар бошчилик қилаётган иккинчи сектор масъулларининг ўқув -семинари Ургут туманида ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари, сектор ҳудудидаги Сариқтепа маҳалласида жойлашган 48-умумтаълим мактабида “Оқдарё тажрибаси” асосида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ички ишлар идоралари раҳбарлари бошчилигидаги учинчи сектор бошлиқ ва котиблари Каттақўрғон туманидаги ҳамкасблари фаолияти мисолида, солиқ инспекциялари бошлиқларидан иборат тўртинчи сектор масъуллари эса Нарпай туманидаги ўқув -семинарларда қатнашиб, ўзаро тажриба алмашди.
Мазкур ўқувларда вилоят прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бошқармалари раҳбарлари иштирок этиб, секторлар иш самарадорлигини ошириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Маҳаллада еттилик тизими жорий қилиниши муносабати билан жорий йилнинг 19-23 октябрь кунлари барча сектор раҳбарлари учун Давлат бошқаруви академиясида ўқув, амалий семинар ташкил қилинганди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев. – Унда секторлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилганди. Хусусан, ҳар бир сектор раҳбарига сектор аъзоларининг кунлик вазифаларини белгилаб бериб, ҳафтада бир марта уларнинг ижросини муҳокама қилиш ҳамда маҳаллалар томонидан билдирилган таклифлар ва қўйилган муаммолар асосида кейинги ҳафта режаларини тузиш, маҳалла еттилиги билан кунлик мулоқот тизимини йўлга қўйиб, маҳалла кесимида мавжуд муаммоли масалаларни белгилаб олиш, қиш мавсуми олдидан аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида мавсумни беталофат ўтказиш, маҳаллалар билан кунлик ахборот алмашиш тизимини йўлга қўйиш каби вазифалар қайд этилганди. Сектор раҳбарлари ва котиблари иштирокида ўтказилган семинарлардан кўзланган мақсад ана шу вазифалар сифатли бажарилишини таъминлаш, сектор ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйишга қаратилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари