Сектор раҳбарлари ёшлар муаммоларини ўрганди
Тошкент фотосуратлар уйида ёшларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш мақсадида "Сектор раҳбарлари ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Миробод тумани сектор раҳбарлари ва ёшлари иштирок этди.

Самимий мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳамда Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва улкан имкониятлар ҳақида гапирди.

Қайд этилганидек, Миробод туманида 2024 йил давомида 206 маротаба сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашувлари ўтказилган. Ушбу учрашувларда кўтарилган 954 та масала мутасаддилар томонидан ижобий ҳал этилган.

Бугунги учрашувда ҳам ёшлар сектор раҳбарларига ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Жумладан, мурожаатларнинг аксарияти ОТМларда ўқув шартномаси тўловини қоплашда ёрдам кўрсатиш бўйича бўлди.

Туман ҳокими томонидан ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Тадбир давомида волейбол ва стритбол мусобақаларида Миробод тумани шаънини муносиб ҳимоя қилиб, биринчи ўринни қўлга киритган ғолиб ёшларга туман ҳокими номидан эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА