SDSN Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очди
Ўзбекистон барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ташаббусга қўшилди.
Энди мамлакатда Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN)нинг миллий платформасини шакллантириш бўйича ишлар Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети иштирокида амалга оширилади. Мазкур қарор SDSNга Ўзбекистондан аъзо бўлган ташкилотлар орасида илк бор қабул қилинди.
Ушбу воқеа муносабати билан Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтида Колумбия университети профессори, таниқли иқтисодчи ва SDSN президенти Жеффри Сакс иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда илм-фаннинг ўрни, инновацион ёндашувларни кенгайтириш, экологик муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф Жеффри Сакс ва тадбиркор Патрик Чжун бошчилигида ўтказилаётган "The Drive of Peace" халқаро ташаббуси доирасида амалга оширилди. Лойиҳа давомида делегация Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларида давлат раҳбарлари, ҳукумат аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда. Шунингдек, “BYD”, “Michelin”, “Santander”, “Franklin Templeton”, “Trip.com”, “Ferrari”, Кембриж университети, “FIFA” ва “TikTok” каби йирик компания ва ташкилотлар ҳам мазкур ташаббус иштирокчилари ҳисобланади.
Учрашувда Олий Мажлис Сенати, халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар ва илмий муассасалар вакиллари ҳам қатнашди. Мулоқотлар чоғида Ўзбекистонда SDSN миллий марказини ташкил этиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Қайд этилишича, ушбу марказ мамлакатдаги илмий ва эксперт салоҳиятини бирлаштириш, давлат органлари, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёда 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга кўмаклашади.

Жеффри Сакс ўз маърузасида жаҳон иқтисодиётининг янги ўсиш нуқталари тобора Осиё ҳудудига кўчаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу Марказий Осиё давлатлари учун халқаро иқтисодий, илмий ва инфратузилмавий лойиҳаларда фаол иштирок этиш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва глобал билимлар алмашинувига кенгроқ қўшилиш имконини яратади. Шу билан бирга, минтақа Европа ва Осиёни боғловчи муҳим транспорт ва иқтисодий макон сифатида ўз аҳамиятини янада мустаҳкамлаб бормоқда.
–Марказий Осиё Европа ва Осиёни боғловчи стратегик ҳудуд сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон эса ўзининг қулай географик жойлашуви, интеллектуал салоҳияти ва изчил ислоҳотлари билан ушбу жараённинг фаол иштирокчиси ва минтақанинг етакчи давлатларидан бирига айланиш учун барча имкониятларга эга, – деди Жеффри Сакс.

Томонлар учрашув якунида барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал билимлар тармоғидаги иштирокини янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришди.
Таъкидлаш керакки, мазкур ташаббус нафақат Ўзбекистоннинг халқаро экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорлигини мустаҳкамлайди, балки мамлакатда барқарор ривожланишга оид илмий тадқиқотлар, давлат сиёсати ва амалий ташаббусларни ўзаро уйғунлаштириш учун янги имкониятларни ҳам яратади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА