Сайёр суд амалиёти ўз самарасини бермоқда
Жиззах вилоятининг Фориш тумани “Маҳалла маркази”да жиноят ишлари бўйича туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда содир этилган қонун бузарлик ҳолатлари учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, келгусида шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида ишларни сайёр суд тартибида кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди раиси Салим Ботиров сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига киритилаётган бир қатор ўзгартишлар ҳақида йиғилганларга батафсил тушунча берди.
Шунингдек, сайёр суд давомида алимент тўлови билан боғлиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан айбланаётган 4 нафар шахснинг жиноят иши ҳам тадбир қатнашчилари иштирокида кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди раиси Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституция ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил сўзлаб берди.
Сайёр суд мажлиси якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА