Сайёр қабуллар: манзил – Фарғона вилояти
Фарғона вилоятида Республика ишчи гуруҳи томонидан оммавий қабуллар ўтказилди.
Оммавий қабуллар уч ойлигининг илк манзилидаёқ олти кунда қарийб 2 минг 650 та масала кўриб чиқилди. Вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотлар масъуллари “Инсон қадри учун!” ғояси асосида аксарият масалалар жойига чиқиб ўрганилди, маҳаллалар, хонадонлар, ижтимоий соҳа объектларида мулоқотлар олиб борилди.
Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва оммавий қабуллардаги мурожаатлар таҳлилидан сўнг Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳларининг 50 нафардан зиёд малакали шифокорлари Фарғонага таклиф қилинди. Ҳудудларда улар иштирокида сайёр қабуллар, тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
Қисқа вақтда 6 минг 130 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Хасталик аниқланган 3 минг 920 бемор стационар даволанишга йўналтирилди. Шулардан қарийб 300 нафари Республика марказларида даволанади. 10 ёшли Асадбек Толипов ҳам юрак хасталигидан азият чекмоқда. Оммавий қабулда Насибахон Қосимова неварасининг дардига даво топиш масаласида амалий ёрдам сўрагач, Асадбекка Тошкент шаҳрида даволаниши учун йўлланма берилди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 731 нафар беморнинг 101 нафарида Фарғонада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Туғма юрак етишмовчилиги билан хасталанган 2,7 минг нафар болани босқичма-босқич даволаш белгилаб олинди. Биринчи босқичда улардан 680 нафари соғлом ҳаётга қайтади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурожаатлар таҳлили асосида вилоятдаги 70 та маҳалла тиббий пункти, 101 та оилавий шифокорлик пунктини қайта ташкил этиш бўйича ишлар янада жадаллашди. Хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан мулоқотлардан сўнг умумий қиймати 70 млрд. сўмга тенг 11 та концепция лойиҳаси, Олтиарикдаги “Odiljon Med Line” шифохонаси билан эса лойиҳа қиймати 10,4 млрд. сўмга тенг давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.
Бу жараёнда ногиронлиги бор мурожаатчиларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Боғдод тумани «Самандарак» қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Насибахон Бобохонова уйда чеварлик қилиши, маҳалла хотин-қизларига бу ҳунарни ўргатаётганини айтиб, хонадонини таъмирлаб, қулай меҳнат муҳитини яратишда амалий ёрдам сўради.
Мурожаатдан сўнг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари, Халқ қабулхонаси ва секторлар раҳбарлари билан бирга Насибахон Бобохонованинг уйига келиб, унинг оилавий шароитини ўрганаркан, бу оиланинг тўрт нафар вакилида ногиронлик борлиги, Насибахоннинг ишлаб даромад топиши бу рўзғорга анчайин барака киритиши маълум бўлди. Натижада, ички имкониятлар ҳисобидан аёлнинг уй-жойини таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари, чевар аёлга эса янги-замонавий тикув машинаси ажратилди.
“Амиробод” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Соҳибахон Йигитованинг аввалги оммавий қабулдаги мурожаати ижроси ҳам жойига чиқиб ўрганилди. Бу аёл ҳам қўли гул чевар.Ўтган йили уй-жой олиш учун мурожаат қилган, ўшанда бу муаммонинг энг оптимал ечими сифатида Соҳибахоннинг ота ҳовлисидан яқинлари ажратган жойда ички имкониятлар ҳисобидан ҳам уй-жой ҳам корхона қуриб бериш белгиланган эди. Ўрганишлардан сўнг бошланган эзгу ишларни охирига етказиш учун зарур қурилиш материаллари, аёлга замонавий тикув машинаси ажратилди. Беш хонали уй Соҳибахон ихтиёрига топширилади, у эса ўз яқинлари бағрида тикувчилик корхонасида маҳалласидаги 30 дан зиёд қиз-келинларга бош бўлиб, иш бошлайди.
Бош прокуратура масъулларига ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлардан келиб тушган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, риштонлик ёлғиз она Гулноза Муҳиддиновага ҳам 2-сектор кўмагида янги уй-жой қуриб бериш учун зарур қурилиш материаллари ажратилди. Айни пайтда бу хонадонда бунёдкорлик ишлари авжида.
Мурожаатлар асосида кўплаб хотин-қизларнинг тадбиркорлик, меҳнат ва бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳам ҳал қилиб берилди. Фотимахон Қўқонбоева аввалги мурожаатидан сўнг Фарғона тумани “Гулистон” маҳалласида оилавий пойабзал ва миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқариш корхонасини йўлга қўйди, 5 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлади. Бу галги қабулда фаолиятини янада кенгайтириш учун субсидия ажратишларида амалий ёрдам сўраган Фотимахоннинг бу масаласига ҳам ижобий ечим топилди.
Мурожаатлар асосида 51 нафар хотин-қиз ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилди. Фарғона ҳуқуқшунослик коллежини битирган Ўғилой Абдуқаҳҳорова Фарғона туманидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ёрдамчи инспектор вазифасида иш бошлади.
Қўштепалик Нодира Эргашева эса туман Бандликка кўмаклашиш марказига, ёзёвонлик Қаноатхон Исақова Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилинди.
Халқ таълими вазирлиги масъулларига мурожаатлардан сўнг Фарғона давлат университети битирувчиси Баҳром Асронов Фарғона туманидаги 58-мактабнинг психология фани ўқитувчиси, бир йилдан бери ишсиз юрган олий маълумотли ўқитувчи Зокиржон Асроров эса Фарғона туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари сифатида иш бошлади.
Қўштепалик 22 ёшли Жасур Тожибоев, унинг опаси ва икки жияни анча вақтдан бери ижарама-ижара сарсон юрганди. Жасурнинг мурожаатидан сўнг уларга туманнинг Истиқбол маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан уч хонали хонадон ажратиб берилгач, тўрт инсоннинг қалби тонгдек ёришди.
Фарғона шаҳри Қиргули мавзесидаги кўп қаватли уйда яшовчи Санжарбек Абдуллаев оммавий қабулда 4-қаватдаги хонадонидан чакка ўтишидан шикоят қилган эди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъуллари бу шикоятни жойига чиқиб ўргангач, уй томи таъмирланди. Муаммо ҳал қилинди.
Мулоқотлар давомида электр таъминоти тизимидаги кўплаб масалаларга ҳам ечим топилди. Бувайданинг “Чек Мирзаобод” қишлоғидаги эскирган, қўлбола симёғочлар замонавий бетон таянчларга алмаштирилмоқда.
Фарғона тумани “Саноат” маҳалласида юздан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатувчи трансформатор ҳам анча эскирган эди. Мутахассислар эски трансформаторни таъмирлаб берди.
Қўштепа туманидаги “Сармозор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси мурожаатлари асосида эса ҳудуддаги тупроқ йўлларга шағал ётқизилди.
Оммавий қабулларда Олий суд ва Судьялар олий кенгашига келиб тушган 471 та масаланинг 196 таси, Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 383 та ариза-шикоятнинг 177 таси, Ички ишлар вазирлиги тизимига оид 263 та мурожаатнинг 114 таси жойида ҳал қилинди.
Сайёр суд мажлисларида 72 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди. Тарафлар ярашганлиги муносабати билан 49 нафар шахсга оид жиноят ишлари тугатилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 59 нафар вояга етмаганга алимент ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилди. Мулоқотлар давомида 24 та ариза Олий судда кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Марғилонлик тадбиркор Зиёдилла Нурматовнинг “Yasnur tex” хусусий корхонаси банкдан каттагина кредит олган, бироқ кредит фоизларини вақтида тўлай олмаган эди. Банк вакиллари Марғилон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилгач, ундирув гаровдаги мулкларга қаратиладиган бўлиб қолди. Тадбиркор эса қарзларни тўлаш учун муддат сўрагач, суд икки томонни муросага чақирди, келишув таклиф қилди. Томонлар медиатив келишув тузди.
Кадастр агентлиги масъулларига мурожаатдан сўнг Тошлоқ тумани Турват маҳалласи Тинчлик кўчаси 63-уйда яшовчи Барчиной Асқарованинг ўз ҳовлиси учун кадастр ҳужжатини тайёрлатиш билан боғлиқ 10 йиллик муаммо ҳал бўлди. Ариза асосида Фарғона вилояти давлат архивидан Барчиной Асқаровага 1991 йилда уй-жой қуриш учун ер ажратишга оид ҳужжат топилиб, шу асосда ҳовлининг кадастр паспорти тайёрлаб берилди. Аёлнинг оиласи оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолгани инобатга олиниб, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тўловлар ҳам ички имкониятлар ҳисобидан қопланди.
Вилоятдаги оммавий қабулларда аҳоли тўлиқ қамраб олинди. Мулоқотларда 2 минг 649 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 118 таси жойида ҳал қилинди. 594 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 937 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Б.Мелиқулова, ЎзА