САЙЁР ҚАБУЛЛАР — ФУҚАРОЛАР МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ
Фуқароларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар бериш ҳамда мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида ҳудудларда Бюро директори ва унинг ўринбосарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Сурхондарё вилоятида Бюро директори ўринбосари Х.Очилов томонидан ташкил этилиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳар бўлимларида фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиши таъминланди.
Сайёр қабуллар давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 142 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 17 таси қарз ундириш, 75 таси алимент, 11 таси номулкий тусдаги, 13 таси тақиқни бекор қилиш, 11 таси алимент ҳисоб-китоби, 1 таси қарздорликни сўндириш ҳамда 14 таси бошқа масалалар билан боғлиқ мурожаатларни ташкил этди.

Сайёр қабулларнинг энг муҳим натижаларидан бири — Ангор ва Бойсун туманларида алимент масаласида мурожаат қилган икки оила вакилларининг ўзаро яраштирилганидир. Бу эса фарзандларнинг ота-она меҳри ва бағрида, оила муҳитида улғайишига замин яратди.
Қабул жавомида 15 нафар фуқароларнинг мурожаатига жойида ечим топилиб, ижобий ҳал этилиши таъминланди.

Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этадиган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, уларни қонуний тартибда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш, уларнинг мурожаатларини жойида эшитиш ва муаммоларга амалий ечим топиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА