Сайёр қабулда фуқаролар мурожаатлари тингланди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури халқ ичига кириб бориб, уларнинг муаммолари ва ташвишларини ўрганадиган, уларни бартараф этишга қаратилган халқчил лойиҳага айланиб бормоқда. Мазкур лойиҳа доирасида жойларда қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, партиянинг Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Нурафшон шаҳрида сайёр қабул ташкил этилди. Унда партиядан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, бир қатор ташкилотлар ва партия вакиллари иштирок этди.
Қабул жараёнида аҳоли томонидан бандлик, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар, тадбиркорлик, ер ва кадастр, йўл инфратузилмаси ҳамда тиббий хизмат сифатига оид 60 га яқин мурожаат кўтарилди.
Мурожаатлар масъул ташкилотлар ва депутатлар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг 45 га яқини шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган 8 та мурожаат ижроси депутатлик назоратига олиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва инсон манфаатларини таъминлашда бу каби сайёр қабуллар самарали механизмга айланмоқда. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги учрашув ва амалий саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада оширади, жойлардаги муаммолар ечимига хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА