Сайёр қабул: мурожаатлар жойида ўрганилиб, ечим топмоқда
Қарши шаҳридаги Маънавият ва маърифат маркази биносида одамлар гавжум. Кимдир йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган ер масаласига ойдинлик киритиш илинжида, яна кимдир уй-жойи кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш умидида навбат кутмоқда. Тадбиркорлар эса ўз фаолиятига дахлдор мулкий ва ер масалаларига ечим излаб келган. Бу ерда навбатдаги қабул эмас, фуқаролар ва тадбиркорларнинг кадастр соҳасидаги муаммоларини жойида ўрганишга қаратилган сайёр қабул ўтказилмоқда. Республика Кадастр агентлиги директори Садриддин Турдиев иштирокида ташкил этилган қабулда мурожаатлар шахсан эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилмоқда.
Кўкдала тумани Ўтамайли қишлоғидан келган Зуфар Рустамов ҳам ана шундай мурожаатчилардан бири.
Унинг айтишича, уй-жойи бўйича кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, шунингдек, фермер хўжалигига тегишли ер майдонининг лалми ердан суғориладиган майдонга ўтгани билан боғлиқ масала бир неча йилдан буён ҳал бўлмай келган.
– Сайёр қабулга шу икки масала бўйича келдим. Муаммо бир неча йилдан бери давом этаётган эди. Бугун мурожаатимиз тингланиб, тез кунда ижобий ҳал қилиниши айтилди, – дейди Зуфар Рустамов.
Бундай мурожаатлар кам эмас. Маълум қилинишича, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида кадастр идораларига 3 минг 600 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти фуқароларнинг кундалик ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ер ва кўчмас мулк масалаларига тааллуқли.
Кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер майдонларини ноқонуний эгаллаш, ер ажратиш, ер участкасини қайтариб бериш, ер майдонини ўлчаш, уй-жойни баҳолаш, кўчмас мулк ҳақида маълумот олиш ва мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш шулар жумласидан.
Сайёр қабулда юздан ортиқ фуқаро рўйхатдан ўтган. Уларнинг ҳар бири бўйича масала республика даражасида кўриб чиқилмоқда.
[gallery-31665]
Кадастр агентлиги Мурожаатлар бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Тўраевнинг таъкидлашича, айни пайтда вилоятда фуқароларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган кадастрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Фуқароларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган масалалардан бири ер ажратиш қарори бўлмаган ҳолда уй-жойларда яшаб келинаётгани билан боғлиқ. Бу борада 937-сонли қонун ҳужжати асосида қарийб бир миллионта уй-жойга эгалик ҳуқуқи эътироф этилган. Қолган объектлар хатлов жараёнида. Бу йил хатловга киритилмаган объектларни 2027 йилда хатловдан ўтказиш режалаштирилган, – дейди Ш.Тўраев.
Мутахассиснинг қайд этишича, сайёр қабулларда нафақат мурожаатлар эшитилмоқда, балки фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, кўплаб масалалар шу жойнинг ўзида ҳал этилмоқда.
Сайёр қабулда тадбиркорлар мурожаатлари ҳам алоҳида ўрин тутди.
Ғузор туманидаги “Ғузор туман озиқ-овқат деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Азамат Ғуломов бозорга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва уни ЎзКАД дастурига киритишда юзага келган муаммо билан мурожаат қилди.
– Бозоримиз икки маҳалла чегарасида қурилган. Шу боис кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ЎзКАД дастурига киритишда қийинчилик юзага келган эди. Бугун мурожаатимизни масъуллар эшитиб, масалани ижобий ҳал этиш, бозорни маҳаллалардан бирининг ҳудудига ўтказиш бўйича амалий ёрдам беришларини айтди, – дейди А.Ғуломов.
Бу каби мурожаатлар бир қарашда оддийдек кўриниши мумкин. Аммо улар ортида фуқаронинг уй-жойи, тадбиркорнинг фаолияти, йиллар давомида тўпланган ҳужжатлар ва кутилган натижа турибди.
Кадастр соҳасида фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда ҳам қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кадастр бўлимларида махсус кадастр бурчаклари ташкил этилмоқда.
Бунинг аҳамиятини мурожаатлар билан ишлаш жараёнида кўриш мумкин. Илгари ҳужжат топширишда камчилик аниқланса, фуқаро ҳужжатларини қайта олиб кетиб, белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда яна идорага мурожаат қилишига тўғри келарди. Бу эса вақт ва маблағ сарфи билан бирга ортиқча оворагарчиликни ҳам келтириб чиқарган.
Энди эса мурожаатларни кўриб чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида фуқарога жойида тушунтириш бериш ва амалий кўмак кўрсатишга устувор аҳамият берилмоқда.
Қаршидаги сайёр қабул ҳам ана шу мақсад – одамларнинг муаммосини кабинетдан эмас, уларнинг ўзи билан юзма-юз учрашиб ўрганиш, имкони борича жойида ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Зеро, кадастр ҳужжати фақат бир қоғоз эмас. У инсоннинг уй-жойи, ери, мулкига бўлган ҳуқуқининг қонуний кафолатидир. Шу боис бу борадаги ҳар бир мурожаат ортида алоҳида тақдир ва манфаат турганини унутмаслик муҳим.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари