Сайхунободда ғўза орасида зира етиштириш йўлга қўйилди
Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалигида янги тажриба — “интеркроп” усули босқичма-босқич жорий этилмоқда. Сайхунобод туманидаги “Dax Politex” фермер хўжалигида “Шинжон” тажрибаси асосида пахта етиштирилаётган 50 гектар майдода илк бор ҳамкор экин сифатида Ҳиндистоннинг "GUMIN SEED NICM-5501" навли зира уруғи экиб кўрилди.
Мутахассислар таъкидлашича, зира қисқа вегетация даврига эга бўлиб, ғўза билан бир вақтда экилади ва июнь-июль ойларида ҳосил беради. Бу эса фермерларга бир майдондан икки хил маҳсулот олиш имконини яратади. Энг муҳими, зира маҳсулотига ички бозорда талаб юқори бўлиб, ушбу омил уни экиш қарорини қабул қилишда муҳим мезонлардан бири бўлди.

– Бу биз учун мутлақо янги йўналиш. Мутахассислар тавсияси асосида чигит билан бир вақтда зирани плёнка остига экиб кўрдик. Ҳозир ниҳоллар уна бошлади. Агар натижа кутилганидек бўлса, келгуси йилларда бу тажрибани кенгайтириш ниятидамиз, – дейди “Dax Politex” фермер хўжалиги раҳбари Азиз Муротжонов.

Маълумотларга кўра, мазкур усул, айниқса, Хитойнинг Шинжон ҳудудида кенг қўлланилиб, юқори иқтисодий самара берган. Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, ғўза ва зирани қўшиб экиш умумий даромадни 16-59 фоизгача ошириши, сувдан фойдаланиш самарадорлигини эса 7-12 фоизгача кўпайтириши мумкин.

– Зира ўсимлиги Сирдарё шароити учун жуда мос. У тупроқ шўрланишини камайтиради, микроиқлимни яхшилайди, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларни чеклашга ёрдам беради. Бу тажриба Шинжонда ўз самарасини берган. Шунингдек, юртимизнинг Зомин ва Ҳисор тоғ тизмаларида зира ёввойи ҳолда ҳам учрайди. Ҳозир ушбу усул нафақат Сирдарёда, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида ҳам синов тариқасида жорий этилмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Абдулла Файзуллаев.

Зира нафақат иқтисодий, балки тиббий жиҳатдан ҳам қимматли маҳсулот саналади. У ҳазмни яхшилайди, темир моддасига бой, иммунитетни мустаҳкамлайди ва антибактериал хусусиятга эга. Шу боис жаҳон бозорида талаб юқори бўлган зираворлардан бири ҳисобланади.

Маълум қилинишича, 2026 йил ҳосили учун Сайхунобод туманидаги 81 та фермер хўжалигида жами 6000 гектар майдонга “Шинжон” усулида чигит экилган. Айни пайтда барча майдонларда чигит униб чиққан бўлиб, агротехник тадбирлар белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар ушбу тажриба ўзини оқласа, келгуси йилларда зира экиш ҳажмини кенгайтириш, ҳудудда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш имкони пайдо бўлади. Бу эса Сирдарёни нафақат пахта, балки зира етиштириш бўйича ҳам етакчи ҳудудлардан бирига айлантириши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири