Сайловга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн ва оффлайн тарзда бўлиб ўтган мажлисда ижроия қўмита аъзолари, партия тузилмалари масъул ходимлари, депутатлар, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Маълумки, Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 23 июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганини эълон қилди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан партиянинг сайлов кампаниясида муваффақиятли иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.


Партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрни ва мавқеига эга, етакчи партиялардан бири бўлган O’zLiDeP сайловда ўз нуфузига муносиб тарзда иштирок этиши лозимлиги, ушбу жараёнга партия барча имкониятларини сафарбар этиши шарт эканлиги борасида тўхталиб ўтди.
Йиғилишда партия томонидан кўрсатиладиган номзод масаласи бўйича сиёсий кенгашнинг VI мажлиси август ойининг биринчи декадасида Тошкент шаҳрида ўтказилиши маълум қилиниб, сайлов кампанияси даврида бажарилиши зарур бўлган ишлар, чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, партия Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича эълон қилинган тадбирлар режаси доирасидаги барча тадбирларнинг юқори савияда, сайлов қонунчилигининг асосий принцип ҳамда талабларига мос равишда ўтишини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек, марказий, ҳудудий, туман ва шаҳар сайловолди штаблари фаолияти самарали ташкил этилишига жиддий эътибор қаратилади. Сайловолди штабларини тузиш, фаолиятини самарали йўлга қўйиш жуда муҳим.
Йиғилишда марказий штабнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.


– O’zLiDeP бу йилги сайловда мутлақо янги имиж, янгича ёндашувлар билан иштирок этади, – деди партия ахборот хизмати раҳбари Элмурод Панжиев. – Партиямиз биринчилардан бўлиб ребрендингни амалга ошириб, янги логотипни тасдиқлади. Янги рамз партия ислоҳотларининг янги босқичида ўз олдига қўяётган улкан мақсадларни ўзида тўла акс эттира оладиган логотип сифатида гавдаланиши зарур. Кенг жамоатчилик ушбу рамз орқали O’zLiDeP бугунги кунда ўз олдига қўйган мақсадларни, амалга ошираётган ишларини англаши лозим.
Ҳозирда O’zLiDeP cайловолди кампаниясининг мафкуравий, ахборот-таҳлилий ва PR таъминоти ҳамда ОАВ билан ишлашни мувофиқлаштириш, номзоднинг кўргазмали тарғибот воситаларини ишлаб чиқиш, O’zLiDePнинг сайловолди кампанияси фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш, сайлов комиссиялари билан ишлаш, сиёсий кенгаш йиғилишлари ва партия съездини ўтказишга тайёргарлик кўряпмиз.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида мазмунли тадбирлар ташкил этиш партия зиммасидаги асосий вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА