Сайловдан кейин Исроилни нима кутади? (+видео)
Исроилда парламент сайлови варақаларининг 85,6 фоизи санаб бўлинди. Ҳозирча мамлакатнинг амалдаги Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қўллаб-қувватловчи гуруҳ собиқ Бош штаб бошлиғи Гади Айзенкот етакчилигидаги мухолифатга қараганда кўпроқ овоз тўплагани маълум. Бинобарин, бу натижа ҳукумат тузиш учун етарли эмас, дейилган ВВС тарқатган хабарда.
Дастлабки маълумотга кўра, араб партиялари Кнессетда тарихан энг кўп ўрин қўлга киритиши мумкин. Улар коалиция тузишда ҳал қилувчи ўрин эгаллаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Билъакс, Нетаньяху ҳам, Айзенкот ҳам бу партиялар билан ҳамкорлик қилишни хоҳламайди.
Кнессетда Нетаньяху тарафдорлари 53, Айзенкот мухолифати 48 ўрин олиши мумкин. Икки араб партияси жами 19 мандатни қўлга киритиши кутиляпти.
Овоз санаш жараёни яна бир неча кун давом этади. Расмий натижа 4 ноябрь куни эълон қилинади.
Исроилда ҳукумат тузиш учун парламентдаги мавжуд 120 мандатдан камида 61 ўринни қўлга киритиш лозим. Яъни, ҳеч бир гуруҳ муайян чегарадан ўта олмаса, бошқа партиялар билан келишишга мажбур бўлади.
Президент Ицхак Герцог партиялар билан маслаҳатлашиб, ҳукумат тузиш учун энг кўп имкониятга эга номзодни танлайди. Даъвогарга коалиция тузиш учун 28 кун берилади. Зарур ҳолда бу муддат 42 кунгача узайтирилади. Уч уринишдан кейин ҳам келишувга эришилмаса, қайта сайлов тайинланади.
Айни жараёндаги энг муҳим омил – араб партияларининг қараши. Агар мухолифат улардан кўмак олса, ҳукумат тузиш имконига эга бўлади. Акс ҳолда Нетаньяху тарафдорлари бошқа ўнг қанот партияларини оғдиришга уриниб кўради.
Яна бир эҳтимол бор: Нетаньяху ва мухолифат ўртасида кенг коалиция тузилиши. Агар сиёсий кучлар ўзаро келиша олмаса, яна сайлов ўтказилади.
Хуллас, вазият ҳали аниқ эмас. Яқин ҳафталарда бўлиб ўтадиган музокаралар Исроил янги ҳукумати таркиби, мамлакат хавфсизлиги ва ички сиёсий йўналишини белгилаб бериши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА