Сайловда тарғиботнинг аҳамияти
Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг Сурхондарё вилояти бўлимида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги“ якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг Сурхондарё вилояти бўлимида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги“ якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва республика нашрларининг воҳадаги мухбирлари, блогерлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими раҳбари С.Саломов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Сатторов "Янги Ўзбекистон, янги сайловлар!" шиори остида ўтказилаётган муҳим сиёсий кампанияга ҳозирлик кўриш жараёнида ташкил этилган мазкур ойлик аҳоли кенг қатламлари, айниқса, сайловларда илк марта иштирок этадиган ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишда юксак самаралар берганини алоҳида таъкидлади.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу жараёнга вилоятда ҳар тарафлама пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шунга мувофиқ вилоят адлия бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари белгилаб олган чора-тадбирлар ижроси доирасида жойларда кенг қамровли тарғибот тадбирларини амалга оширди. Жумладан, маҳалла, ташкилот, корхона ва муассасаларда сайлов қонунчилигини тушунтириш учун элликка яқин малакали ходим жалб этилиб “Республика – вилоят – туман – маҳалла“ тамойили асосида 600 дан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди. Корхона, ташкилот ва бошқа муассасалар ходимлари учун маҳорат дарслари ташкил этилиб, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳамда бўлажак сайловларни умумэътироф этилган халқаро принципларга мувофиқ ўтказиш ҳақида атрофлича тушунтирилди.

– Туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан аҳоли гавжум жойларда “Сайлов ҳуқуқшуноси“ бурчаклари ташкил этилгани ҳам аҳолининг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишдаги хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Сатторов. – Шунингдек, близ-сўровлар ўтказилиб, фуқароларнинг сайловга оид билимлари ўрганилаётир. Аҳоли гавжум бўладиган бозорлар ва бошқа жойларда радиоузеллар орқали сайловларни тарғиб этишга алоҳида аҳамият берилди. Денов ва Жарқўрғон туманларида ўтказилган “Адлия сайли“ тадбирларида алоҳида павильонлар ташкил этилиб, аҳолига сайлов қонунчилиги бўйича маълумот берилди. Босма, электрон ва интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам сайлов қонунчилиги, сиёсий бу тадбирнинг жамиятимиз ривожидаги ўрни ва сайловчиларнинг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилмоқда. Вилоятда тарғибот тадбирлари давом этаётир.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Сайловларни юксак савияда ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.