Сайловда талаба-ёшлар иштироки муҳим
Тошкент давлат стоматология институтида ҳозирда 4 мингдан зиёд сайловчи ёшлар таълим олмоқда. Улар орасида Президент сайловида илк бор иштирок этаётган ёшлар ҳам кўп. Институт ёшларининг сайлов жараёнида фаол иштирокини таъминлаш, етарлича шарт-шароитлар яратиш, уларнинг сайлов ҳақидаги билимларини бойитиш муҳим аҳамиятга эга.
Бўлиб ўтадиган сайловда сайловчи талабалар учун қулайлик яратиш мақсадида институт талабалар турар жойларида яшовчи ёки уйидан узоқда бўлган талабалар учун сайлов участкалари бириктирилган. Жумладан, Тошкент давлат стоматология институти талабалари учун Яшнобод туманидаги 623 ва 627-сайлов учаскаларида 1 минг 500 дан зиёд талаба ўз конституциявий хуқуқидан фойдаланиб, муносиб номзодга овоз беришлари мумкин.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, биз ўз конститутциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб, эртага бўлиб ўтадиган Президент сайловида фаол иштирок этишимиз ва муносиб, деб топган номзодга овоз беришимиз зарур. Мен сайловда иштирок этаман. Сиз-чи?
Нодир Ҳайдаров,
Тошкент давлат стоматология институти ректори.