Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш тартиби қандай?
Тараққий этган демократик ҳуқуқий давлатларда сайловларнинг адолатли ўтиши бундай давлатларда ҳар бир сайловчининг овоз бериш жараёнида иштирок этишини таъминлаш борасида яратилган шарт-шароитларнинг сайловчи-фуқаролар учун қулайлиги, кенглиги ҳамда ҳуқуқий асосга эга эканлиги билан белгиланади.
Халқаро сайлов стандартларига ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигида ҳам барча сайловчилар ўзларининг сиёсий хоҳиш-иродаларини эркин ифода этган ҳолда овоз бериш жараёнида тўсқинликсиз иштирок этишини таъминлаш борасида муҳим қоидалар белгиланган.
Мана шундай демократик қоидалардан бири сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи институтидир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилиши белгиланган.
Муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиш учун сайловчи нима қилиши лозим?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг ижросини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом”да бунинг тартиби батафсил ёритилган.
Демак, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи доимий ёки вақтинчалик яшаб турган жойи бўйича сайлов участкасига ташриф буюради. Мазкур участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ва сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган аризани тақдим этади. Тегишли сайлов комиссиясининг аъзолари унга аризаси асосида сайлов бюллетенини ва конвертни беради.
Участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди.
Участка сайлов комиссияси аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида сайловчиларнинг рўйхатида муддатидан олдин овоз берган сайловчи сифатида белгилаши шарт.
Шундан сўнг, сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан мустақил қарор қабул қилиши орқали тўлдирилади. Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини конвертга солади ва елимлаб ёпади.
Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзосига топширади. Участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси сайловчи ҳозирлигида конвертнинг ёпиқлигини текширади ва конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Овоз бериш куни, яъни 24-октябрда овоз бериш жараёни якунланганидан сўнг, участка сайлов комиссияси сейфда сақланаётган мудатидан олдин овоз берилган бюллетенларни сейфдан олиб, стационар овоз бериш қутисига ташлайди. Ҳаракатлар кетма-кетлиги бажарилгач барча бюллетенлар участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади. Бу жараённи барча кузатувчилар ва шу ерда хозир бўлганлар кузатиб турадилар.
Бу жараён хорижий давлатларда қандай бўлади?
“Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар сони кўплигини инобатга олган ҳолда ва сайлов куни овоз бериш биносида навбатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга муддатидан олдин овоз беришни таклиф қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг сайловчиларимиз зич жойлашган ҳудудларида муддатидан олдин овоз бериш уларнинг турган жойида ўтказилиши мумкин.
Хориждаги участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари ёки бошқа манбалар орқали хабардор этиши лозим.
Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш хориждаги участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида, кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.
Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш учун участка сайлов комиссиялари сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг беш фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини ҳамда конвертларни округ сайлов комиссиясидан муддатидан олдин овоз бериш бошланишига камида уч кун қолганида оладилар.
Ҳар битта сайлов бюллетенинг тепа қисми, ўнг томони участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси томонидан имзоланиб, участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак. Агар бюллетен юқоридаги тартибда тасдиқланган бўлмаса, овозларни санаб чиқишда бундай бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.
Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш сайловчининг яширин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаши, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатни бартараф қилиши, сайлов бюллетенининг хавфсиз сақланишини ҳамда овозларни санаб чиқишда сайловчининг овози ҳисобга олинишини таъминлаши шарт.
Хорижий тажрибада муддатидан олдин овоз бериш институтидан кенг ва самарали фойдаланилади
Сайловларда муддатидан олдин овоз бериш тартиби илғор хорижий давлатларда, хусусан, Германия, Франция, Россия, Финляндия, Норвегия, Польша, Руминия, Қозоғистон ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд. Хусусан, Россия Федерацияси Сайлов кодексининг 102-моддасида муддатидан олдин овоз бериш тартиби ва муддатлари батафсил ёритилган.
Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайлов ёки референдумларни ўтказувчи комиссиялар ва сайловларнинг даражасига қараб турли муддатларда, яъни сайловга камида 20 кун қолганида, сайловга камида 15 кун қолганида ёки сайловга камида 10 кун қолганида бошланиб, сайловга 1 кун, 3 кун ёки 5 кун қолганида тугалланиши мумкинлиги белгиланган. Бу жараён Польшада сайловга камида 5 кун қолганида бошланиб, 1 кун қолганида тугалланади. Австралияда сайловга 15 кун қолганида бошланиб, сайловга 2 кун қолганида тўхтатилади.
Умуман олганда хорижий тажрибада муддатидан олдин овоз бериш институтидан кенг ва самарали фойдаланилади.
Муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрдан бошланади
Марказий сайлов комиссиясининг Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланди ва бу МСК мажлисида тасдиқланди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш белгиланди. Муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрдан 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади.
Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақтини соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00га қадар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига сайлов округи ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини, шунингдек шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситалари 2021 йил 9 октябрга қадар етказиб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини ва зарур канцелярия буюмларини, шунингдек шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситаларини 11 октябргача етказилишини таъминлаш таклиф этилмоқда.
ЎзА мухбири
Нурилло НАСРИЕВ тайёрлади