Сайлов қонунчилиги бўйича семинар-тренинг
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига ҳам оз муддат қолди. Жойларда сайловга тайёргарлик жараёнлари кетяпти.
Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги мавжуд 239 та МФЙ раислари учун ташкил этилган навбатдаги семинар-тренингда ана шу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.

Семинар-тренингда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш жараёнидаги ўзгаришлар, участка сайлов комиссияси раиси ва аъзоларининг вазифаси, сайлов участкалари фаолияти, у ерда сайловни ташкил этиш жараёнлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи, муддатидан олдин овоз беришнинг нима учун зарурлиги ҳақида сўз борди.

Ўқув жараёнлари мобайнида сиёсий тренерлар томонидан маҳалла раисларига – сайлов участкасига ташриф буюрган кузатувчилар, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ва ОАВ ходимларини тегишли тартибда рўйхатга олиш қоидаси, халқаро кузатувни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида қимматли маълумотлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири