Сайлов ҳамжиҳатлик, фаоллик руҳида ўтмоқда
Янги Ўзбекистон тарихида 9 июль муҳим сана сифатида муҳрланади. Юртдошларимиз бугун муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиб, Ватанимиз келажаги, тараққиёти учун овоз беради.
Фарғона вилоятидаги Президент сайловини ўтказувчи 1 минг 209 сайлов участкаларида овоз бериш фуқароларнинг фаоллиги ҳамда кўтаринки кайфияти билан бошланди. Барча участкалар эрталабки соат 8:00да давлат мадҳияси садолари остида очилиб, фаолият кўрсатмоқда.


Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида жойлашган 67- сайлов участкасида ҳам ушбу муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди. Комиссия раиси Шаҳноза Содиқованинг таъкидлашича, 1 минг 873 нафар аҳоли рўйхатга олинган. Мазкур сайлов участкаси эрталабдан сайловчилар билан гавжум.

–Биз фахрийлар ҳам сайловда фаол қатнашяпмиз, –дейди Рустам Аминов. – Президентликка номзодларнинг сайловолди дастури билан яхши танишман. Биринчилардан бўлиб, конституциявий ҳуқуқимдан фойдаландим. Ўйлайманки, барча юртдошларимиз бу сиёсий жараёнда уюшқоқлик билан иштирок этади.
Маълумотларга кўра, вилоятда ташкил этилган сайлов участкаларидаги овоз бериш рўйхатига жами 2 миллион 200 мингдан зиёд фуқаро киритилган. Вилоятда 112 минг 952 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Айни дамда вилоятга келган халқаро кузатувчилар сайлов участкаларида жараённи кузатмоқда.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА