Сайхунободлик пиллакорлар биринчи
Сирдарё вилоятида биринчилардан бўлиб Сайхунобод тумани пиллакорлари “кумуш тола” хомашёсини теришни бошлади.
Пилла – 2020
Сирдарё вилоятида биринчилардан бўлиб Сайхунобод тумани пиллакорлари “кумуш тола” хомашёсини теришни бошлади.
Йилнинг биринчи ҳосилини етиштиришда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин қоидаларига туманда тўлалигича амал қилинган ҳолда мўл пилла ҳосили етиштириш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
– Туманимизда 134 гектар тут плантацияси мавжуд бўлиб, бу эҳтиёжимизни қондира олмайди, – дейди “Сайхунагропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Бекмурод Некмуратов. – Шу сабабдан туман ҳокимлиги бизга яна қўшимча ер майдони ажратиб берди ва жорий йилнинг эрта баҳорида 250 минг туп тут кўчатлари экиб, тўлиқ ундириб олдик.
Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида туман бўйича 1 минг 97 нафар пиллакорларга 1 минг 582 қути ипак қурти тарқатилган эди. Ушбу пиллакорларга, олган ҳар қути ипак қурти учун 50 килодан ун ва 5 литрдан писта мойи тарқатилди. Бундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар қути олинган пилла қурти учун 700 минг сўмдан нақд пул тарқатилди.
Тумандаги илғор пиллакорлар ҳосил йиғишни аллақачон бошлаб юборди. Жумладан, тумандаги “Санжар Раҳимов” фермер хўжалигига берилган бир қути ипак қурти парваришини оби-тобида ва шубҳасиз, карантин талаб ва қоидаларига тўла амал қилган ҳолда фаол меҳнат қилган, туманнинг энг илғор пиллакорларидан Зумрад Эгамова йилнинг илк ҳосили – пилла хомашёсини териб олишга киришди.
– Ипак қуртларининг дастлабки қўйган “кумуш тола”ларини териб олиб, пунктга нафақат туманда, ҳатто вилоятда биринчи бўлиб топширдим, – дейди илғор пиллакор Зумрад Эгамова. – Топширган ҳосилимнинг ҳар килосига 20 минг 400 сўмдан тарозининг бошида нақд санаб олдим. Ишқилиб Худойимни ўзи баракасини берсин. Дастлабки топширган ҳосилим 50 килодан ошди. Яна 20-25 килоларни чамалаб турибман.
Сайхунободлик пиллакорлар жорий мавсумда тумани бўйича 87 тонна қимматбаҳо хомашё етиштириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Туман пилла хирмонига йилнинг илк ҳосилининг дастлабки намуналари кела бошлади. Умид қиламизки, туман “кумуш тола” ижодкорлари ўз олдиларига қўйган режаларини ортиғи билан уддалашга ҳар томонлама қодир.
Хирмонингизга барака, қадри ва қадди баланд сайхунободлик пиллакорлар.