“Саховат ва кўмак” – инсонларга кўмакчи
Юртимизнинг барча гўшаларида Наврўз умумхалқ байрами нишонланаётган шу кунларда Сирдарё вилояти Гулистон туманининг “Юлдуз”, “Зарбдор”, “Теракзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар” рўйхатига киритилган фуқаролардан бир гуруҳига моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, соғлигида муаммоси бор фуқаролар соғлигини тиклаб олиши учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бўлими, бўлим қошида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ёрдам кўрсатилди.

– Ўғлим, Шамшоджон туғма юрак пороги касаллиги билан туғилган, – дейди теракзорлик Нормурод Мирзақулов – Олиб бормаган, мурожаат қилмаган тиббиёт муассасаси қолмади. Қўл калталиги қурсин. Топганинг рўзғордан ортмагач, даволатиш, фарзандимни соғлигини тиклашда анчагина қийналиб қолдим. “Темир дафтар”да турганлигим сабабли, туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” фондининг туман бўлимига мурожаат этдим. Республика клиникаларида даволаниб, соғлигини тиклаб қайтиши учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 26 миллион сўм маблағ ажратиб берилди. Ҳозир анча яхши бўлиб қолди. У "АKFA MEDLINE" даволаш марказида даво муолажаларини олаяпти. Унга малакали тиббиёт ходимлари ёрдам кўрсатаяпти.

Бундай беғараз ва саховат ёрдами Шаҳноза Исмоиловага ҳам кўрсатилди. Унга 8 миллион сўм ажратиб берилди.
Бир сўз билан айтганда, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан тумандаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган фуқароларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда. Бу эса, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун мадад бўлаётир.
ЎзА