Саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи
Эрта – 1 мартдан бутун мусулмон оламида Рамазон ойи бошланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу муборак ойга катта ҳозирлик кўрилди.Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиб, бу ойда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ушбу фазилатли ойни “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида ўтказиб, эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик лозимлиги таъкидланди.
Самарқанд вилоятида ҳам муқаддас Рамазон ойини муносиб ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Бу йил вилоятдаги 286 жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилади ва уларнинг 198 тасида Қуръон хатм қилинади. Бунинг учун масжидларга зарур шарт-шароитлар яратилди. Ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари томонидан масжидлар ва улар атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар ва транспорт воситалари қатновини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
– Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида рўзадорнинг рўзаси фақат ейиш-ичишни тарк этиш билан эмас, балки яхши амалларни кўпайтириш билан ҳам сайқалланади, деганлар, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайруллоҳ Сатторов. – Бу қутлуғ ойда ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатиш ғоят савобли амал саналади. Зеро, Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу мавсумда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, бошига мусибат тушганлардан кўнгил сўралади ва етимлар юпатилади. Муқаддас Қуръони каримда “Енглар, ичинглар, исроф қилманглар”, дейилган. Кейинги пайтда ифторлик тадбирларида дабдабабозликка йўл қўйилаётгани кўнгилни хира қилади. Баъзида бу тадбирларнинг катта базмгоҳларда, тўйхоналарда ташкил этилишига, дастурхонларнинг керагидан ортиқ безатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Биргина шу ҳолатнинг ўзи жуда катта исрофгарчиликдир. Шунинг учун бундай номаъқул ишлардан тийилиш лозим. Бу борада вилоятимиздаги барча имомларга тегишли кўрсатмалар берилиб, аҳоли ўртасида бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, Рамазон ойини энг гўзал амаллар билан ўтказиш зарурлиги уқдирилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири