Савдо ярмаркалари ташкил этилди
Андижон вилоятининг барча туман, шаҳарлари марказларида муборак Рамазон ойи муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Шу кунларда аксарият юртдошларимиз динимиз фарзларидан бири – Рамазон рўзасини тутиб, рўза ибодатларини адо этмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ушбу муборак ой давомида бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган савдо ярмаркаларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзон нархларда сотилиши йўлга қўйилди.
[gallery-27779]
Ярмаркаларда сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 60 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга тақдим этилмоқда.
Андижон шаҳрининг Марказий ҳамда Янги бозор деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида харидорларга мол гўшти килоси 70-90 минг, писта ёғи бир литри 20 минг, пахта ёғи 18 минг, шакар килоси 12,5 минг сўм, гуруч 10-15 минг сўм, тухумнинг донаси минг сўм, пиёзнинг килоси 2 минг, сабзи 3 минг, картошка 4 минг сўмдан сотилмоқда.
– Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган ярмаркада сотилаётган маҳсулотлар бозор нархидан арзонлигидан, албатта, хурсандмиз, – дейди Андижон тумани, Юксалиш маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Холдарбой Ҳамрақулов. – Бозорларда нарх-навонинг кўтарилиб кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар, халқимизга кўрсатилаётган эътибор учун, аввало, юртбошимизга, қолаверса, шу каби хайрли ишларнинг бошида турган барча раҳбарларга раҳмат.
Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолияти Рамазон ойи якунига қадар давом этади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.