Савдо - логистик ҳудуд қачон иш бошлайди? (+видео)
Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати туфайли чегара ва чегара олдида кўплаб иқтисодий ҳудудлар ташкил этилмоқда. Биз илгарироқ Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида кўмир импорт-экспортини конвейер ленталари орқали амалга ошириш лойиҳаси ҳақида хабар бергандик. Аслида, ўтган йили Қўқон эркин иқтисодий зонаси таркибида яна бир чегара нейтрал ҳудудида икки томон учун ҳам фойдали иш бошланганди. Яъни, Фарғона вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг бетараф ҳудудида иқтисодий зона ташкил қилиниши лозим эди. Унда тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини имтиёзли шароитларда экспорт қилиш режалаштирилган. Лекин унинг қурилиши тўхтаб қолди.
“МБ Қўқон-7” масъулияти чекланган жамияти аукционда ютиб, мазкур лойиҳа ижросини зиммасига олганди. Бу ерда муайян даражадаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Қўқон ЭИЗ шўба мудири Беҳзод Муродовнинг таъкидлашича,
–Савдо логистик зонаси экспортни ривожлантириш учун ташкил қилиняпти. У ерда Фарғона вилояти тадбиркорлари, Қўқон эркин иқтисодий зонаси иштирокчи корхоналар, Андижон, Наманганнинг салоҳиятли ишлаб чиқарувчилари ҳамда бир қисмда тожикситонлик тадбиркорлар ҳам фаолият юритади.

Ҳа, мақсад эзгу. У амалга ошса Фарғона водийси тадбиркорлари учун ғоят қулай шароит яратилган бўлар эди.
–Бу савдо логистик зонасида 200 дан зиёд савдо дўконлари қурилиши мўлжалланган. Уларнинг барчаси тадбиркорларга ижара асосида бириктириб берилади, – дейди Беҳзод Муродов. –Лойиҳа қиймати 78 млрд.сўм. Унинг биринчи босқичида терминал қурилиб 2024 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилади. Иккинчи босқичи 2025 йилда тўлиқ ишга тушади.

Биринчи босқич муддати тугашига ҳам 4-5 ой қолди холос. Қилиниши лозим бўлган ишлар эса талайгина “МБ Қўқон-7” корхонаси раҳбарияти аввал бу ерга терминал қуриш вазифаси қўйилганди, маълум сабабларга кўра яна эркин иқтисодий ҳудуд – халқаро бозор қуриладиган бўлди, дейди биз билан телефон орқали сўзлашув чоғида.

–Тўрт кун бўлди бозор қурилишини бошқатдан лойиҳа қилиб, 10-15 кунда ишни бошлаб, уни янги йилгача тугаллаймиз, – дейди “МБ Қўқон-7” корхонаси раҳбари Бахтиёр Мирзаев.
Лойиҳанинг ўта муҳим эканини эътиборга олар эканмиз, биз яна бу мавзуга қайтамиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/BwNxSb00mYk?si=p3jLEuhUnEwi-LvV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА