Савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 6 ноябрь куни Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 6 ноябрь куни Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-газ, геология, савдо-саноат, сармоя, банк-молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат саноати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, алоқа ва ахборот технологиялари, фан-таълим, электр техникаси, сайёҳлик, меъморлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, суғурта ҳамда фармацевтика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар кўплаб соҳалар қатори савдо, иқтисодиёт, енгил саноат, нефть-газ, озиқ-овқат саноати, қурилиш, сайёҳлик, фан-таълим, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, таълим, фан ва маданият ҳамда ҳаво транспорти алоқаси, сайёҳлик соҳаларига оид битимлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Буюк Британия Ўзбекистоннинг Европа минтақасидаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бораётир. Бу борадаги кўрсаткич жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоиз ошди. Мамлакатимизда британиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган 504 корхона фаолият кўрсатмоқда, Буюк Британиянинг 78 фирма ва компанияси ваколатхоналари рўйхатдан ўтказилган. Улар асосан кимё ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларига ихтисослашган. Юксак технологиялардан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қарайди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида 1994 йили ташкил этилган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши мажлислари ҳар икки мамлакатда мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Анжуманда меҳмонларга мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларини муттасил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналарида иш юритиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, юқори технологиялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Иштирокчилар ушбу мажлис ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид қатор муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлганини таъкидлади.
– Буюк Британия Ўзбекистон билан ҳамкорликни тараққий эттиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Буюк Британия савдо ва сармоялар агентлигининг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари бўйича минтақавий менежери Элли Гундуз. – Мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Мазкур тадбирда Буюк Британиянинг қатор йирик компанияларидан кўплаб вакиллар иштирок этгани мамлакатимизда Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантиришга қизиқиш катта эканидан далолат беради. Бу борадаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан манфаатдормиз.
Мажлисда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари, икки мамлакат ўртасида автомобилсозлик, ёқилғи-энергетика, тоғ-кон ва кимё саноати, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, электр техникаси, ахборот технологиялари, чиқиндиларни қайта ишлаш ва таълим каби қатор соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, бу борадаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш омиллари, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада кенгайтиришга, юқори технологик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.