“Саткак Азиз” – табаррук зиёратгоҳ
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона туманидаги тарихий-маданий мерос объектлари орасида “Саткак Азиз” зиёратгоҳи алоҳида ўрин тутади. Кўҳна ва табаррук маскан сифатида эътироф этилган ушбу зиёратгоҳ бугунги кунда ҳам зиёратчилар эътиборини тортмоқда.
Туманнинг Саткак маҳалласи ҳудудида, табиат бағрида жойлашган мазкур зиёратгоҳ халқ орасида “Саткак Азиз”, “Саткак буво” номлари билан машҳур. Бу ерда VII асрда яшаб ўтган, ислом дини ривожига ҳисса қўшган Мулла Абдураҳмон Садкокий мақбараси жойлашган бўлиб, у мамлакатимизнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.
Айни пайтда мазкур маскан нафақат Фарғона водийси аҳолиси, балки юртимизнинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан келаётган сайёҳ ва зиёратчиларни ҳам жалб этмоқда. Айниқса, ёз фаслида бу ерга ташриф буюрувчилар сони янада ортиб, миллий услубдаги чойхоналар, ҳордиқ масканлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти жонланади.
[gallery-28929]
“Саткак Азиз” зиёратгоҳи маънавий аҳамияти билан бирга табиий бойликлари билан ҳам аҳамиятлидир. Ҳудуддаги табиий булоқлар, мевали дарахтлар ҳамда кўп йиллик чинор ва қайрағочлар ушбу масканнинг ўзига хос жозибасини оширмоқда.
“Саткак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмаджон Аминовнинг маълум қилишича, маҳаллада ҳозирги кунда 780 та оилада 3750 нафар аҳоли яшайди. Ҳудудда деҳқончилик ва чорвачилик асосий иқтисодий йўналишлардан ҳисобланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА